Иқтисодиёт | 18:22 / 29.06.2021
43665
3 дақиқада ўқилади

1 июлдан тадбиркорларга қандай имтиёзлар берилади?

Қонунчиликда 2021 йил 1 июлдан бошлаб бир қанча йўналишдаги тадбиркорларга давлат томонидан имтиёзлар берилиши белгилаб қўйилган. Улардан айримларини келтириб ўтамиз.

Паррандачилик бўйича имтиёзлар

2021 йил 1 июлдан бошлаб 2024 йил 1 июлга қадар асосий фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлик субъектлари учун:

  • фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари);
  • мол-мулк солиғи;
  • ер солиғи;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланади.

2022 йил 1 июлга қадар тухум, парранда гўшти ва маҳсулотларини экспорт қилувчи ҳамда соя донини импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари (уларнинг ваколатли вакиллари)га автомобил, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизигача миқдорида компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва уларнинг ривожланиши учун 1 июлдан:

  • ташкилотнинг мавжуд қувватига қараб 50 нафаргача болани тарбиялашга, тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб, 4 нафаргача тарбиячи ва ёрдамчиларни ёллашга рухсат берилади;
  • оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ёлланган (Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида — 2 нафаргача, бошқа ҳудудларда — 4 нафаргача) тарбиячи ва ёрдамчиларга тегишли тоифа бўйича қисқа муддатли ёки 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларида ва ҳажмларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан иш ҳақи тўланади;
  • оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳудудий мактабгача таълим бошқармалари орқали ўқув материаллари билан бепул таъминланади.

2022 йил 1 январга қадар АК «Халқ банки» томонидан оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мебел, жиҳоз ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун 30 миллион сўмгача 5 фоизли кредитлар ажратилади.

Туманларнинг маъмурий марказларидан ташқари жойларда янги ташкил этиладиган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган жиҳозлаш меъёрларига мувофиқ мебел, жиҳоз ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 30 миллион сўмгача миқдорда субсидиялар ажратилади.

Чорвачиликка субсидиялар

1 июлдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган:

  • чорвачилик хўжаликларига — ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2 000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм;
  • паррандачилик хўжаликларига — ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 800 сўм;
  • балиқчилик хўжаликларига — интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқлари (лосос, форель ва осётр)нинг ҳар бир килограмми учун 3 000 сўм, қолган турдаги балиқлар учун 1 000 сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия берилади.

Ушбу субсидиялар ҚҚСдан қарздорлиги мавжуд бўлмаган, шунингдек, контрагентларни танлашда лозим даражада эҳтиёткор бўлган корхоналарга уларнинг субсидиялар олиш тўғрисидаги аризаларига асосан кейинги ойнинг 25 санасигача ажратилади.

Мавзуга оид