Ўзбекистон | 00:00 / 01.01.2023
21296
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни янги йил билан табриклади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни янги йил билан табриклади. Табрик матни президент расмий сайтида эълон қилинди.

Қадрли ватандошлар! Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни кириб келаётган янги йил билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.

2022 йилда машаққатли ва жасоратли меҳнатимиз билан тараққиёт йўлида муҳим марраларга эришдик. Инсон қадрини улуғлаш, халқимизни рози қилиш борасида янги қадамлар қўйдик.

Дунёдаги ғоят мураккаб вазият, глобал инқирозга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ривожланмоқда. Миришкор деҳқон ва фермерларимиз фидокорона меҳнат қилиб, мўл ҳосил етиштирдилар. Саноат, қурилиш, рақамли технологиялар, туризм соҳалари жадал ривожланмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимиз ҳар томонлама обод бўлмоқда.

Янги иш ўринлари ташкил этилиб, аҳоли даромадлари ва ҳаёт даражаси ошмоқда. Ёшларимиз халқаро майдонларда истеъдод ва маҳоратини намоён этиб, Ватанимизни дунёга танитмоқда.

Халқ овози бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири кучаймоқда. Энг муҳими, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва динлараро тотувлик ҳукм сурмоқда. Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори юксалмоқда.

Шу қутлуғ айёмда эришган барча ютуқларимизнинг бунёдкори бўлган сиз, азиз юртдошларимга, бутун халқимизга яна бир бор миннатдорчилик билдираман.

Муҳтарам дўстлар! Мамлакатимизда 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном бердик.

Янги йилда инсонни қадрлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ишларимизни юқори босқичга кўтарамиз.

Фарзандларимиз сифатли таълим ва тарбия олиб, баркамол шахс бўлишлари учун бошлаган ишларимизни изчил давом эттирамиз.

Муҳтарам фахрийларимиз, азиз аёлларимиз, шунингдек, ёрдамга муҳтож инсонлар учун муносиб шароит яратиш эътиборимиз марказида бўлади.

Илм-фан, тиббиёт, маданият ва санъат соҳалари вакилларини, ўқитувчи ва мураббийларни қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратамиз.

Мухтасар айтганда, жонажон Ватанимизда ҳеч бир инсон жамиятимиз ва давлатимизнинг меҳри ва эътиборидан четда қолмайди. Бунинг учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Азиз ва қадрли ватандошларим! Қалбларимиз пок ниятларга тўлиб турган ушбу қувончли лаҳзаларда сизларни, бутун халқимизни янги – 2023 йил билан яна бир бор чин дилдан муборакбод этаман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака, оилавий бахту саодат тилайман. Янги йилнинг қадами қутлуғ келсин, барча эзгу ниятларимиз амалга ошсин, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин! Янги йил барчамизга муборак бўлсин!

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон президенти

Мавзуга оид