Ижтимоий ёрдам олиш тартиби, «Саховат ва кўмак» ҳаракати фаолияти — Элмира Боситхонова билан суҳбат
Бир муддат аввал Ўзбекистонда коронавирус пандемиясидан қийналаётган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фонди иш бошлаган эди.
Кейинроқ, 20 апрель куни «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди.
Kun.uz мухбири фонд ва ҳаракат тузилмалари ўртасидаги фарқ, уларнинг доирасида аҳолига қай даражада кўмак берилаётгани ва бошқа муҳим саволлар юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова билан қисқа суҳбат ташкил қилди.
— Пандемия даврида қийналаётган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадини кўзлаган икки хил жамғарма нима учун зарур эди ва улар бир-биридан қандай фарқ қилади?
— «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фонди аввалдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида мавжуд эди. Маблағи етмаган беморларга мураккаб амалиётлар учун, қимматбаҳо дорилар учун зарурат бўлганда фонд раҳбарига – Соғлиқни сақлаш вазирига мурожаат қиларди. Кенгаш томонидан муҳокама қилиб тасдиқлангандан кейин дори-дармон, даволаш муолажалари учун маблағлар ажратилар эди. Пандемия муносабати билан фонднинг манбалари ва ваколатлари бироз кенгайтирилди. Пандемия шароитида саховатпеша инсонлар сони кўпаяётгани, уларда ёрдам бериш истагининг ортаётганини кўргандан кейин бу борада маблағларни қабул қиладиган ва уларни тизимли, тартибга асосланган ҳолда тақсимлайдиган фонднинг кераклиги учун ташкил этилди.
Фонднинг давлат бюджетида «Маҳалла» фондидан ўз манбалари, аҳоли орасидаги ҳомийлари бор эди. Ҳозирда кузатилаётган пандемия аҳоли учун аввал кузатилмаган янгиликларни олиб келяпти. Ижобий маънода ҳам, салбий маънода ҳам янгиликлар бўлди. Ҳомийларнинг муносабати, бу ҳомийлик ёрдамини тақсимлаш жараёнлари ҳам бизга янгилик. Бу жамғарма ҳам кенг маънода хизмат қилишини ният қиляпмиз.
— Дейлик, ҳозирги жараёнда бирор бир тадбиркор маҳалласидаги 5-6 нафар ёрдамга муҳтож оилани қарамоғига олмоқчи. У ўзи ёрдам кўрсатадиган оилаларни танлаб олган ва бу ҳаракатда ҳам иштирок этмоқчи. Мана шу жараённинг тартибини тушунтириб бера оласизми?
— Давлат раҳбари бу умумхалқ ҳаракатнинг асосий тамойилларини эълон қилаётганларида эҳтиёжманд бўлган оилаларнинг рўйхатини ҳам, саховатпеша инсонларнинг рўйхатини ҳам – кимга тақсимланиши, қандай қилса, мақсадга мувофиқ бўлади, санаб ўтгандилар. Чунки саховатпеша инсоннинг ҳам оилани танлашида қандайдир қийинчиликлар бўлиши мумкин. Мана шу масалада маҳалла фуқаролар йиғинини, ҳокимиятдаги сектор раҳбарларининг масъулиятини алоҳида айтиб ўтдилар. Эҳтиёжмандларни ҳам, саховатпешаларни ҳам жамлашда икки тузилма – МФЙ ва ҳокимият секторларининг ҳамкорликдаги иштироки. Бу ҳамкорлик ҳам ҳали етарли эмас, чунки бунинг янада аниқ бўлиши, янада шаффофроқ бўлиши учун бу рўйхатлар депутатларнинг маҳаллий кенгашида муҳокамаларга қўйилади. Муҳокамадан ўтгандан кейин тасдиқланиши ва ижро учун ҳокимиятга берилиши назарда тутилган. Шунинг учун ҳар қандай саховатпеша инсон, албатта, ўзи ёрдам бермоқчи бўлган эҳтиёжманд оилалар бўйича МФЙ раисига мурожаат қилади.
— Ҳар бир ҳудудда ҳисоб рақамларда пуллар йиғиляпти. Бу пуллар қайси кўринишда ва кимлар томонидан тақсимланади?
— Маблағнинг сарфланиши саховатпеша инсоннинг истагига қараб ҳам қилинади. Бу тизимда эҳтиёжмандларнинг қўлига пулни нақд кўринишда бериш деярли қабул қилинмайди. Ҳар бир эҳтиёжманд фуқарога алоҳида пластик карта очилади. Маблағ пластик картага ўтказиб берилади. Маблағ бирон шифохонада даволаниши учун сарфланадиган бўлса, маблағ пластик карта орқали шифохонага ўтказиб берилади.
— Пул маблағлари ҳаммага бир хилда тақсимланадими ёки эҳтиёжга қараб кўп ёки кам бўлиши ҳам мумкинми?
— Озиқ-овқат миқдори киши бошига бир хилда тақсимланади. Оилалар ногирон киши борлиги, кўп болали эканлиги, кексаларнинг борлигига қараб гуруҳланган. Тиббий нуқтаи назардан бир кишига қанча озиқ калорияси керак бўлса, бир оилага 15 кунга етадиган озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилади. Низомга асосан, бир оилага бир ойда икки маротаба озиқ-овқат маҳсулотини ҳар бир оила аъзосига етадиган қилиб етказишимиз мумкин. Дори-дармон учун маблағ дорининг нархига қараб пластик картага ўтказиб берилади. Даволаш ҳам худди шундай.
— Хайриялар қилиняпти. Лекин ҳали ҳам бирор бир ёрдам етиб бормаган оилалар ҳали жуда кўп. Хайрия ёрдами етиб келмаган оилалар ёрдам олиш учун кимга ва қандай мурожаат қилиш керак?
– Бу борада бутун дунё ҳамжамияти қатори биз ҳам тажриба орттиряпмиз, яна бир бор эслатадиган бўлсак, 1197 ишонч рақами ташкил этилган. Бу телефон рақамларида волонтёрлар ишлади. Шунда ҳам мурожаатлар устма-уст тушгани учун етиб бормаган ҳоллар бўлди. Кимлардир қўнғироқ қила олмади, жуда кўп қўнғироқ бўлгани учун ҳаммасини бирданига ўрганиб озиқ-овқат етказишга имконият бўлмади, 1 кунда эмас 3-4 кунда етказиб беришга тўғри келган пайтлар бўлди. Бу рақам ҳам етарли бўлмади. Ҳар бир туманда, шаҳарчада ўз рақамини очдик. Бу рақамлар ҳам етмади. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳар бир ҳудуддаги раҳбари шахсий рақамларини ҳам бердик. У орқали ҳам мурожаатлар қабул қилинди. Мен ўзим ҳам телеграм каналим орқали келган ҳар бир мурожаатга жавоб беришга ҳааркат қилдим. Бу ҳали тажриба бўлгани учун ишларни тизимли таҳлил қилиб, кейинги босқичларда яхшилаб бориш учун кўп ҳаракат қилишимиз керак экан. Шунинг учун кимгадир ёрдам бўлмади, кимга эътибор бўлмади деганда, барча имкониятларни қўллаб кўришларини ва энг асосийси, маҳалла раҳбариятининг бу борадаги масъулиятини нафақат раиснинг ўзига ташлаб қўйишимиз, балки раиснинг обрўсини ошириш учун жамият ҳам, маҳалла аҳли ҳам баробар хизмат қилиши керак. Эҳтиёжмандлик ҳақидаги маълумот биринчи галда маҳалла раиси ва унинг ўринбосарларига етиб бориши биз учун энг асосий мақсаддир.
— Жамоат фонди ва умуммиллий ҳаракат коронавирус пандемияси шароитида аҳолига ёрдам бериш учун тузилди. Табиий офатлар ёки ҳодисалар бўлгандагина фонд тузилиши бундан кейин ҳам давом этадими ва бу ишлар қачондир битта тизимга солинадими?
— Техноген фалокатлар, табиий офатлар одамзот ҳаётида кўп бўлиши мумкинлигини янги тарихда ҳам, ҳозирги даврда ҳам кўряпмиз. Офатлар чоғида мамлакатнинг ёрдамга муҳтож аҳолиси бир вақтнинг ўзида кўпайиб кетиши ёки уларнинг узоқ вақт давомида кўп бўлиб туришига олиб келишини эътиборга олиб, «Саховат ва кўмак» ҳаракати бежиз таклиф этилмади. Бундай ҳаракатлар фақатгина офатлар даврида эмас, ислоҳотлар даврида ҳам муҳим эканлигини, осойишталик даврида ҳам ҳаракатларимизнинг кам-кўстларини бартараф этишга ва унинг манзилли, муддатли, шаффоф ишлашига эришишимизга, бу борада аҳолидан бўлаётган эътирозларни эмас, миннатдорликни кўпроқ эшитиш учун барча чораларни кўришимиз кераклигини айтмоқчиман.
Илёс Сафаров суҳбатлашди
Мавзуга оид
12:07 / 13.04.2023
«Вилоят ва туманлардаги шифохоналар учун 15 та МРТ ва 200 дан ортиқ МCКТ ускунасига эҳтиёжимиз бор» — Амрилло Иноятов
20:04 / 02.01.2023
Япония ҳукумати оилаларга Токиодан кўчиб кетиш учун пул таклиф қилмоқда
09:46 / 07.08.2022
ССВ: Асоратли ҳомиладорлик асоратли болалар туғилиши дегани эмас
08:24 / 25.01.2022