Юлдуз Усмонова ИИВ ходимларини қаттиқ ҳақоратлади. Бундай ҳаракат учун қандай жавобгарлик бор?
Ижтимоий тармоқларда хонанда Юлдуз Усмонованинг ички ишлар органлари ходимларини ҳақорат қилгани, шунингдек, очиқчасига карантин қоидаларини бузгани акс этган видеолар тарқалди. Унинг бу ҳаракатлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Хўш хонанданинг бу ҳаракатлари қандай оқибатларга эга?
Сўнгги бир ярим ой ичида ваколатли давлат органлари томонидан карантин қоидаларини бузиш, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва бошқа шу каби кўплаб ҳуқуқбузарликларга оид 100 мингдан ошиқ ишлар кўрилди. Бошқаларга ўрнак бўлиши учун қоидабузарларга маъмурий қамоқ ёки жиноят иши қўзғатилишигача бўлган қатъий чоралар кўрилди. Ҳатто кўчада тиббиёт ниқобисиз юрган ёшлар 15 суткага қамалганига оид ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлдик.
Бугун ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқ артисти, хонанда Юлдуз Усмонованинг ички ишлар органлари ходимларига нисбатан ҳақоратомуз сўзлари ва ҳаракатлари акс этган видеороликлар тарқалди. Уларда хонанда тунги вақтда ички ишлар органлари ходимлари ташаббус кўрсатиб Сардобадаги тошқиндан жабр кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун ўтказаётган хайрия тадбирларида хавфсизлик чоралари ва тартиб-интизомни таъминлаб бермаганидан норозилигини баён қилади.
Видеода Юлдуз Усмонова карантин чоралари амал қилиб турган бир вақтда, жамоат жойида тиббиёт ниқобисиз юрганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, у ички ишлар органлари ходимлари (аниқроғи тизимининг) шаъни, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсига путур етказадиган сўзлар айтади ва ҳаракатлар амалга оширади.
«ГАИ келди, шу трассага қарайман деб. Одам бер дедим, мана бу ерга қарагани, кўрдинглар, хўп деди, кетди, бермади. Участковой шундай ярим соат ***га бир тепиб келди, ярим соат кўриндида оғзини очиб қочворди. Энди мен бунақанги безалабрностни (палапартишликни - таҳр.) кўрмаганман. Йўқ сизларга, йўқ, ноль в карбоке вы. Ни какой уважение, какой уважение какое любви может быт. Вот вам уважение (шу кадрда қўл ҳаракати билан ҳақорат белгисини кўрсатади - таҳр). Уважение надо заслуживать, уважаемые люди в погонах. Мен мутлақо айтяпман, журналистларимиз, ёзинглар, ёритинглар шунақа нарсани. Видите спят они такого время. Омон бўлинглар!», дейди хонанда инстаграмдаги саҳифасига жойлаштирилган видеода.
У яна бир видеода ходимларнинг оталарини лаънатлайди.
«Бугун Мирзо Улуғбек туманининг мелисасининг зами (туман ИИБ бошлиғи ўринбосари назарда тутилган бўлиши мумкин – таҳр.) трассага қарайман деди. Майор эди. Битта мелиса беринг, ГАИ беринг, эплолмай қолдик дедим, хўп деди, бермади. Участковой чиқмади.
Падарлаънати бўлдиларинг бугун. Халқ бирлашди, халқнинг ёнида турмадиларинг. Тфу! ГАИларга, мелисаларга», дея ҳақоратини давом эттиради хонанда.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ижтимоий тармоқларда айланаётган видео фуқаро Ю.Усмонованинг юқорида кўрсатилган қонун нормаларини бузганини кўрсатиб турибди. Шундай экан, у ҳам Ўзбекистон Республикасининг бошқа фуқаролари каби маъмурий жавобгарликка тортилиши лозим.
Зеро, МЖтКнинг 3-моддасига кўра, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади.
Бундан ташқари, унутмаслик керакки, бир фуқаронинг хайрли амаллар билан шуғулланиб, халққа ва жамиятга фойдаси тегаётгани унга бошқа бир фуқаро ёки соҳа вакилларини ҳақорат қилиш ҳуқуқини бермайди.
Ушбу видео юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги хонандага нисбатан ўз эътирозларини билдирди.
«Юртимизга келган синовлар пайтида Юлдуз Усмонова томонидан билдирилган фикрлар ноўриндир, шунингдек, санъаткорнинг хабари бўлмаса керак, икки ой давомида ўз оиласи ва уйига ҳаттоки бормаётган ички ишлар ходимлари ижтимоий тармоқларда нолишаётгани йўқ. Чунки, улар халқнинг тинчлиги йўлида кунни кун, тунни тун демай меҳнат қилишяпти», дейилади вазирлик муносабатида.
4 май куни Юлдуз Усмонова Ички ишлар вазирлигидан узр сўрагани акс этган видео ҳам пайдо бўлди. Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра узр сўраш шахсни содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликдан озод этишга сабаб бўлмайди.
Ҳозирча Ички ишлар вазирлиги вазият юзасидан муносабат билдирмади.
Дилшод Абдуқодиров
ҳуқуқшунос
Мавзуга оид
21:56 / 26.11.2024
Россияда 174 минг нафар полициячи етишмаётгани маълум бўлди
18:07 / 24.11.2024
ИИВ тузилмасида Дониёр Тошхўжаев ва яна икки мансабдор лавозимидан озод этилди
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
17:34 / 04.09.2024