Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси қаттиқ танқидга учради
14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва турли соҳалардаги кечиктириб бўлмайдиган бир қатор муҳим вазифалар ҳақида сўз юритди.
Шавкат Мирзиёев Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг тизимини тубдан қайта ташкил этиш, шаҳарсозликнинг эскирган методология ва нормативлари, капитал қурилишдаги номутаносиблик ва муаммоларни бартараф этиш, шунингдек лойиҳа институтларининг самарасиз фаолиятини қайта кўриб чиқиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
"Шаҳарсозликни такомиллаштириш бўйича бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, кўпчилиги назоратсиз қолган. 2012-2015 йилларда ишлаб чиқилган 18та шаҳар ва посёлканинг бош режаси ҳали ҳам тасдиқланмаган. Қўмита раҳбарияти бундан 3 йил аввал туман архитектура фаолиятини такомиллаштириш бўйича кенгашлар ташкил этиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва "Дамас" автомобиллари ажратиш бўйича берилган топшириқлар ижроси устидан назоратни таъминламади.
Лицензияга эга бўлган 850та лойиҳалаш ташкилотларининг атиги 147таси ёки 17 фоизи республика миқёсида инвестиция дастурларини амалга оширишга жалб этилган. Бизнинг энг жиддий камчиликларимиздан бири - замонавий, талабга жавоб берадиган лойиҳалаштириш институтларининг йўқлиги. Уларнинг моддий-техника базаси ўтган асрнинг 80-йиллари даражасида қолиб кетган. Нима учун ҳамма ерда камчилик? Чунки лойиҳалаштириш институти йўқ. Йўналишлар бўйича эса умуман йўқ. Улар томонидан ахборот технологияларининг замонавий илм-фан, архитектура ва дизайн ютуқларини қўллаш даражаси ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Шу сабабли ҳаётнинг ўзи ҳар бир вилоятда 1-2 замонавий лойиҳалаштириш институтини ташкил этишни талаб қилмоқда".
Президентимиз шунингдек давлат маблағлари ва ресурслари талон-тарож қилинаётганлигига диққатни қаратди.
"Ўтган йили инспекциялар томонидан пудрат ишлари ҳажми 4 миллиард 700 миллион сўмга камайтирилган. 24 минг лойиҳа экспертизадан ўтказилганда уларнинг нархи 1 триллион 500 миллиард сўмга камайган. Савол: бундай жиддий камчиликларни Закиров ва унинг биринчи ўринбосари Тўхтаевлар билмайдими? Нима сабабдан сиз, иккингиз айрим объектлар билангина чекланиб, кўрсатилган муаммолар ичига кириш ва уларни ечишга умуман эътибор бермайсиз? На кадр тайёрлаш бор, на лойиҳа ишлари бор! Қаерга қарама, эски усул ва бир хиллик.
Агар ҳар бир вилоятда замонавий лойиҳалаштириш институтини ташкил қилмасак, ҳолимиз вой бўлади. Бутун тизимни тубдан қайта ташкил этиш бўйича 20 кун муддатда аниқ таклифлар киритиш зарур".
Мавзуга оид
11:22 / 02.05.2024
Президент: Жаҳонда инвесторлар учун мислсиз кураш кетяпти
21:36 / 01.05.2024
ЕТТБ Ўзбекистонда «яшил» шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этади
09:04 / 30.04.2024
Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар миллий жамоасини табриклади
19:48 / 29.04.2024