“Бир ўлимдан қолган қизалоқ”: Фарғонада энагага топширилган бола ўласи қилиб калтакланди
Фарғона шаҳрида яшовчи Муқаддас Ғаниева турмуши бузилиб ота уйига қайтиб келади. Ота уйида акаси ва ичкуёв бўлган иккинчи турмуш ўртоғи билан чиқиши олмай кўчада қолади. Иш ва бошпана топа олмаган муштипар она ноиложликдан 6 яшар ўғли Азизбек ва 2 ярим яшар қизи Имронахонни энагага топшириб ўзи Россияга ишлаш учун кетади. Энага эса қизалоқни дўппослаб бош қисми ва бутун танасига жиддий жароҳат етказади.
Одамнинг оласи ичида дейишади. Энага ва унинг турмуш ўртоғи мурғак қизни калтаклаб, унга азоб беришган. Қийноқларнинг гувоҳи бўлган қизалоқнинг акаси Азизбек эса қўрқитилган.
Тинимсиз калтакланишлар ортидан Имронахоннинг бошига қон йиғилган, пешона суяги ёрилган, танаси моматалоқ бўлган. Реанимация бўлимида миясидан қон олиниб, унинг ҳаёти сақлаб қолинди. Лекин қизчани калтаклаган энага ва унинг турмуш ўртоғига ҳеч қандай чора кўрилмади. Аниқроғи, чора кўрадиган бирор ташкилот топилмади.
Айни пайтда Имронахон ва Азизбек онасининг яқин таниши бўлган аёл қарамоғида. Реанимациядан чиққан қизалоқда тинимсиз калтакланишнинг жиддий асоратлари қолган. Тана ҳарорати кўтарилганда юзлари кўкариб қоляпти. Муқаддас Ғаниева ҳамон Россияда. У бўлиб ўтган воқеадан қаттиқ қайғуга тушган. Ватанига қайтишнинг имконини топа олмаётган муштипар она чорасиз ҳолатда.

Ака-сингилга ўз уйидан жой бериб уларга ғамхўрлик қилиб келаётган аёл бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берди.
“Имронахон ва унинг акаси Азизбекни ўтган йили менга ташлаб онаси Россияга ишлаш учун кетган эди. Муқаддасхон 1987 йил. Турмуши бўлмаган, иккита фарзанди билан ота уйига сиғмай, кўчаларда юрди, қийналди ҳаммадан ёрдам сўраб. Ноиложликдан кетган эди-да Россияга.
Болаларга бир йил қарадим. Орадан бир муддат ўтиб бошқа энага топилганини айтишиб уларни олиб кетишди.
Кунларнинг бирида Муқаддасхондан қўнғироқ бўлди. Бу сафар унинг овози хавотирли, титраб гапирарди. У Имронахон йиқилиб тушиб пешонаси ғурра бўлгани, янги топилган энага боласини негадир Telegram орқали кўрсатмаётгани ҳақида айтди.
Кейин билишимча Ханифа исмли энага аёл Азизбек ва синглисига қараётган экан. Муқаддасхоннинг илтимосига кўра энаганинг уйига бориб, тилхат ёзиб бериб Азизбек ва Имронахонни олиб кетиш учун келганимни айтдим. Қизчани олиб чиқиб беришди.
Қизалоқнинг бошида шапкаси бор эди. Аввалига ҳолатга аҳамият бермадим. Боланинг юзини кўриш учун машинанинг ички чироғини ёқиб эса даҳшатга тушдим. Калтак зарбидан боланинг кўзлари шишиб юмилиб кетган эди. Боши эса докада маҳкам сиқиб боғланган, шапкада эди.
Болани уйга олиб келдим. Шапка ва докани ечибоқ ҳушимдан кетай дедим. Дока ечилиши билан қизчанинг боши икки томонга оқиб кетди. Бошини ушласам қўлим ичига кириб кетди. Бечоранинг ҳолатини кўриб беихтиёр дод деб бақириб йиғладим. Имронахон жиддий жароҳат олиб бошига қон тўпланган эди.
Дарҳол Telegram'дан Россияга чиқиб онасига бўлган воқеани тушунтирдим. Муқаддасхон ҳам қизини кўриб додлаб юборди. Энага нима учун қизчани ҳеч кимга кўрсатмаётгани энди ойдинлашганди...
Такси чақириб болани дарҳол тез тиббий бўлимга олиб кетдим. Имронахоннинг ҳолатини кўриб шифокорлар уни зудлик билан реанимацияга олиб кириб кетишди. Бўлимда боланинг бошидан эски йиғилиб қолган бир шиша қон олишди.
Реанимацияда қизалоққа олти кун қараб ётдим.
Ҳолат юзасидан ИИБга мурожаат қилдик. Азизбекни терговчилар олиб кетишиб сўроқ қилишди. Азизбекнинг айтишича, Имронахон тагини ҳўллаб қўядиган бўлса энага ваннага сув тўлдириб ичига солиб қўяркан. Жазо сифатида қоронғи ваннахонага қамаб қўйиб боладан аламини оларкан. Мурғак болани ёқасидан олиб кўтариб ерга отишар экан. 6 ёш акаси менга барчасини айтиб берди. Унинг гапларига ишондим. Ёш бола ёлғон гапирмайди-ку. Одамзод шунчалик ваҳшийлашиб кетганми?! Гўдак қизалоқда нима айб?!

Бола бир ўлимдан қолди. Бош суяклари синиб кетган. Баданида калтак излари бор. Ҳарорати кўтарилганда юз соҳалари кўкариб кетяпти. Энг ачинарлиси, уни калтаклаган энага ва турмуш ўртоғи ҳеч нарса бўлмагандек бемалол яшаб юрибди. Энагалар бола калтакланган эмас, зинадан йиқилган дейишяпти. Бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Болани хўрлаганларга жазо бормикан? ИИБ ҳам ҳолатга панжа ортидан қараяпти. Онаси келгунича ўзим қараб турибман. Лекин боланинг жароҳат изларини кўриб қўрқиб яшаяпман. Бехосдан тана ҳарорати кўтарилиб юзлари кўкариб қоляпти. Булар калтакланишнинг жиддий аломати”, – дейди у.
***
Энагани топиб гаплашиш, ҳолат бўйича изоҳ олиш учун Фарғона шаҳри Саид Аҳмад кўчаси 50-А уйнинг 5-хонадонига икки марта бордик.
Лекин уларни топа олмадик. Эшикни ҳеч ким очмади. Қўни-қўшнилар ва уй бошқарувчи билан гаплашганимизда болани калтаклаган эр-хотин уйда ижарада яшаши, уйнинг эгаси асли қувалик эканини айтди. Энг ачинарлиси, “Мададкор” МФЙга бориб ҳолатни ўрганмоқчи бўлганимизда маҳалла фаоллари бўлиб ўтган мудҳиш ҳодиса юзасидан изоҳ бера олмаслигини айтишди. Ўзини Шавкат деб таништирган маҳалла раиси ҳам, маҳалла фаоли ҳам у уйда ким яшаши-ю, нималар бўлиб ўтганидан хабарлари йўқ экан.
***
Айни пайтда Россияда ишлаётган Имронахоннинг онаси Муқаддас Ғаниева билан боғландик. У яшаш жойи ва муносиб иш бўлса тез фурсатда Ўзбекистонга қайтишини, етарли пули йўқлиги сабаб ватанига қайта олмаётганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, энаганинг бундай ваҳшийларча дўппослаши хаёлига ҳам келмагани учун қизалоқни уларга топшириб кетган. “Имронахонга азоб берганлар жазо олишини талаб қиламан”, – дейди она.
**
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали Болалар қўшалоқ тан жароҳатлари бўлими шифокори Ғайратжон Ҳотамовнинг айтишича, муолажалардан кейин боланинг ҳолати яхши томонга ўзгара бошлаган.

“Ғаниева Имронахон шифохонага 24 ноябр куни оғир аҳволда олиб келинди. Бемор оғир ҳолатда бўлгани учун болалар реанимацияси бўлимида ётқизилган. У карахт ҳолатда эди. Унинг бош қисмида каттагина шиш бор эди. Пешона суяги ҳам синганди. Қизалоқнинг бошидан ярим литрга яқин йиғилиб қолган эски қонни олиб ташладик. Боланинг бош ва тана қисмларида жароҳат аломатлари бор эди”, – дейди шифокор.
Участка нозири билан гаплашганимизга ҳолат тергов жараёнида экани, умумий хулоса кейинроқ қилиниши ҳақида маълум қилди.
Азизбек эса синглиси билан бирга онаси бағрида яшашни, кўп ўйинчоқлари бўлишини, уларнинг ҳам ҳамма қатори иссиқ уйи бўлишини орзу қилишини айтиб кўзидан дув-дув кўз ёшлари оқди...
PS: Кўпчилик ҳамюртларимизнинг болаларга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги таклифларини инобатга олиб хозир улар яшаётган хонадон манзилини қолдирамиз: Фарғона шаҳри, “4-Тинчлик” МФЙ Бўстон кўчаси 159-уй.
Мўлжал: Қозонхона ёнидаги уй, хонадон бекаси Гулнозахон Йўлдошева
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров
Тавсия этамиз
Божларни музлатган Трамп, урушдан силласи қуриган Судан – ҳафта дайжести
Жаҳон | 12:50
Сирли эшиклар ва яширин йўлаклар: Тошкент метроси хавфсиз бошпана бўла оладими?
Ўзбекистон | 10:00 / 12.04.2025
Leapmotor автомобилларининг Ўзбекистонга импорти чеклангани юзасидан изоҳ берди
Ўзбекистон | 15:52 / 11.04.2025
“Яқин кунларда рекорд иссиқлик тўлқини кутилмоқда” – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 13:00 / 10.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
CNN Turk: Россия ва Украина 15-16 апрел кунлари Анқарада музокаралар ўтказади
Жаҳон | 19:11
-
HUAWEI nova 13 серияси: Замонавий фойдаланувчилар учун идеал смартфон
Ўзбекистон | 19:00
-
Британия ЕИдан гўшт ва сут маҳсулотлари олиб кирилишини тақиқлади
Жаҳон | 18:55
-
Киев яна бир F-16 қулагани ва учувчи ҳалок бўлганини тасдиқлади
Жаҳон | 18:08
Мавзуга оид

10:37 / 11.04.2025
Фарғонада 120 млн долларга металлургия заводи қурилади

17:46 / 04.04.2025
Фарғонадаги ЙТҲда икки киши ҳалок бўлди

16:56 / 27.03.2025
Тошкент вилоятида болаларни урган тарбиячи ишдан олинди

13:12 / 25.03.2025