Иқтисодиёт | 15:25 / 06.12.2024
9402
3 дақиқада ўқилади

Туркманистон Ўзбекистонга газ етказиб беришни кўпайтиради

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасидаги телефон мулоқотида шундай келишувга эришилди. Аввалроқ Туркманистон Россияга газ экспортини тўхтатган, “Туркмангаз” ва “Газпром” нарх борасида келиша олмаганди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида 5 ноябр куни бўлиб ўтган телефон мулоқотида томонлар табиий газ соҳасидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилди.

“Туркман халқининг миллий етакчиси ва қўшни қардош давлат раҳбари газ соҳасида ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар юқори самарадорликни қайд этиб, унинг узоқ муддатли эканини таъкидлаб, Ўзбекистонга туркман табиий газини етказиб бериш ҳажмини оширишга келишиб олдилар. Шунингдек, яқин келажакда амалга оширилиши режалаштирилган қўшма газ лойиҳаларининг катта истиқболларига урғу берилди”, – дейилади Туркманистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, телефон мулоқотида сув хўжалиги соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилган. Бердимуҳамедов Марказий Осиёдаги сув муаммосининг ечими борасида Туркманистоннинг позициясини маълум қилган. Бу позицияга кўра, минтақадаги сув ресурслари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари асосида ҳал этилиши, шунингдек, минтақадаги барча мамлакатларнинг манфаатлари инобатга олиниши зарур. Марказий Осиёдаги сув масаласини халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда БМТ иштирокида кўриб чиқиш зарур, деган Туркманистон парламенти раиси. Ўзбекистон президенти икки давлатнинг бу борадаги ёндашувлари “тўлиқ мос келиши”ни қайд этган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳам ўз хабарида етакчилар энергетика ва сувдан фойдаланиш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилганини қайд этган. Жорий халқаро вазият ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Октябр ойи охирида Турманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатгани маълум бўлганди. “Туркменгаз” ва “Газпром” ўртасидаги шартнома муддати жорий йилнинг 30 июн куни тугаган ва томонлар ёқилғининг янги нархи бўйича келиша олмагани сабаб янги шартнома тузилмаган.

Аввалроқ “Турманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон” (TAPI) газ қувурининг Афғонистондан ўтадиган қисми қурилиши бошлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид