Ўзбекистон | 08:17 / 18.03.2021
52684
13 дақиқада ўқилади

Инклюзив таълим учун 5 йиллик режа: жамият ва мактаблар имконияти чекланган болаларни қабул қилишга тайёрми?

Ўзбекистонда умумтаълим мактабларида инклюзив таълим жорий этиш режа қилинмоқда. Кейинги ўқув йилида алоҳида таълим эҳтиёжи бор болаларнинг 24 фоизи, 2025 йилгача эса 40 фоизи одатий мактабларга жалб қилиниши кутилмоқда. Инклюзив таълим билан боғлиқ қатор муаммолар ва хавотирлар ҳам мавжуд.

Охирги пайтда инклюзив таълим тушунчаси тез-тез тилга олинмоқда, кўпчилик бу тушунчани ногиронлиги бор болаларнинг соғлом болалар билан бир мактабда, бир синфда ўқиши, бир партада ўтириши деб тушунади холос.

"Аслида, фақат бу эмас. Инклюзив таълим ҳамма болаларнинг бир хил мактаб ва бир хил синфхонада – бир хил шароитда таълим олишини англатади. Яъни имконияти чекланган бола соғлом болалар билан бир хил эътиборда ўқий олиши керак. Кам таъминланган оиланинг фарзанди камбағал оиладан бўлгани учун таъмирланмаган мактабга бориши керак эмас", – дейди Ўзбекистон  Ногиронлар уюшмаси раиси Ойбек Исоқов.

Ўзбекистонда оилавий шароитидан қатъи назар, барча болалар давлат умумтаълим мактабларига қатнайди. Бу давлат томонидан кафолатланган. Фақат хоҳловчилар ўз ёнидан пул тўлаб хусусий мактабларда ўқиши мумкин. Лекин имконияти чекланган болаларнинг бошқа соғлом болалар билан тенг шароитда ўқиётгани ҳақида мақтаниб бўлмайди. Бу борада муаммолар кўп. 2020 йил 13 октябрда қабул қилинган «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида бу борадаги асосий муаммолар саналган:

  • алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болалар ўқитиладиган айрим таълим муассасаларида улар учун тўсиқсиз муҳит ва имкониятлар яратилмаган;
  • алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар ўқитиладиган таълим муассасалари зарур адабиётлар, методик қўлланмалар, турли касбларга ўқитишга мўлжалланган ускуна ва жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмаган;
  • алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг билим олиш ҳуқуқи, инклюзив таълим тизимининг мазмун-моҳияти ҳақида жамоатчилик ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш йўлга қўйилмагани натижасида ота-оналар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган фарзандларини умумтаълим муассасаларида ўқитиши мумкинлиги ҳақида етарли маълумотга эга эмас;
  • алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни инклюзив таълимга жалб қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш масалаларига маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан етарли эътибор қаратилмаяпти;
  • педагогика йўналишидаги ОТМлар ўқув дастурларига инклюзив таълим бериш методикасига оид фанлар киритилмаган;
  • педагогика ва методика фанларига оид дарсликларда инклюзив таълим дастурлари киритилмагани, шунингдек, бўлажак педагогларнинг алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар жалб қилинган таълим муассасаларида амалиёт ўтамаётгани уларнинг касбий тайёргарлик сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шундай вазиятда 86 та ихтисослаштирилган мактабда 21,2 мингдан ортиқ, санаторий турдаги мактаб-интернатларда 6,1 мингдан ортиқ, уй шароитида эса 13,3 минг нафар ўқувчи уйда таълим олади. 2020 йил статистикасига кўра, Ўзбекистонда 3,2 мингдан ортиқ умумий ўрта таълим мактабларида 13 минг нафарга яқин ўқувчилар инклюзив таълим билан қамраб олинган.

Президент қарори билан 2025 йилгача инклюзив умумтаълимни босқичма-босқич жорий этиш масаласи қўйилган. Бунда имконияти чекланган болаларнинг мактабларга келиши учун тўсиқсиз муҳит яратиш, янги қуриладиган мактабларни худди шундай шароитлар билан қуриш, педагог кадрлар тайёрлаш, ўқув базасини такомиллаштириш каби вазифалар белгиланган. Кейинги ўқув йилида шаҳарларда ва Тошкент шаҳрининг туманларида жойлашган биттадан умумтаълим мактабларида инклюзив таълим тизимини жорий қилиш, таянч коррекцион синф очиш режа қилинган.

Айни пайтда ихтисослаштирилган мактабларда дарс бераётган ўқитувчилар Ўзбекистонда мактабларда ҳали тўлақонли инклюзив таълим муҳити, керакли шароит, ўқув қўлланмалар, кадрлар бўлмасдан туриб, 5 йилда инклюзив таълимга ўтилиши режа қилинаётганидан хавотирда. Уларнинг айтишича, ихтисослаштирилган мактабларнинг ўзида ногиронлиги бор шахсларнинг ҳаракатланиши учун шароит яратилганига кўп бўлмади, дарсликларда муаммолар бор.

Шундай ўқитувчилардан бир гуруҳи 77-сонли кўзи ожиз болалар махсус мактаб интернатидан Kun.uz'га ўз мулоҳазаларини юборишди.

Оқмурод Отамуродов, информатика фани ўқитувчиси:

«Бизда ҳам худди чет элдаги каби имконияти чекланган болалар учун умумтаълим мактабларида шароит яратилса, жуда зўр бўлади. Лекин бизда баъзи муаммолар бор. Масалан, кадрлар масаласи. Кўриш қобилиятида муаммоси бор болалар тоифаси билан тифлопедагог алоҳида ишлаши керак. Бизда ҳали ҳатто олий таълимда тифлопедагогикани ўқитадиган кадрларнинг ўзи йўқ.

Бундан ташқари, ўқитувчиларни ҳам руҳан тайёрлаб олиш керак. Мактабларда ўқитувчилар қўпинча лидер ўқувчилар билан ишлашга ўрганган. Улар ўқитувчини тез илғайди, тушунади ва яхши натижалар кўрсата олади. Соғлом болалар билан бир мактабга борадиган имконияти чекланган боланинг эса лидер бўла олиш эҳтимоли кам, сабаби улар эшитишга, кўришга ва тушунишга бошқалардан кўра кўпроқ куч сарфлаши керак бўлади. Шу нарсаларни ўқитувчилар тўғри қабул қила олиши ва улар билан яхши муносабатни йўлга қўя олиши зарур. Бунинг учун эса аввало уларнинг ўзи тайёр бўлиши керак. Агар умуман имконияти чекланган болага дарс ўтмаган ўқитувчининг синфига шундай болалар борса, у дастлаб бола тилини тушунмаслиги, унинг қийин ўзлаштиришини қабул қила олмаслиги мумкин. Шунинг учун ўқитувчиларни имконияти чекланган болалар билан ҳам ишлашга ўргатиш лозим».

Бахтиёр Ҳожибоев, мактаб психологи:

«Боланинг инклюзив муҳитда бошқалардан ўзини кам ҳис қилмаслиги, жисмоний имконияти чекланганидан сиқилмаслиги учун шароит яратиш муҳим. Стадионда бошқалар билан югураётган заиф кўрувчи бола кимгадир туртилиб кетса, бошқа болалар унинг устидан кулишлари керак эмас. Агар кимдир масхара қиладиган бўлса, бола баттар қобиғига ўралиб олади.

Масалан, қизимнинг кўриш қобилиятида муаммолари бор эди, умумтаълим мактабида 2-синфгача ўқиди. Лекин унинг дарс қилишга қизиқиши сўнаётганини кўрдим. Мактабдан ҳам ҳеч ўртоқлари билан қайтмасди, фақат ўзимиз бориб олиб келардик. У руҳан бошқа тенгдошлари билан яқин бўла олмади. Шундан сўнг қизимни мана шу ихтисослаштирилган мактабга олиб келдим. Ҳозир яхши ўқияпти.

Умумтаълим мактабига борадиган имконияти чекланган болаларга ўқитувчи алоҳида ёндашиши керак бўлади. Кичик синф ўқувчилари ногиронлиги бор болалар ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмайди. Уларнинг устидан кулмаслик кераклигини, улар ҳам бошқалар қатори оддий одам эканини, фақат сал кучсизроқ эканини тушунишмайди.

Аслида, катталар ҳам шундай. Яқинда кўчада ишдан бир неча кўзи ожизлар қайтаётган эдик. Орқамиздан келаётган аёллар бир-биримизни етаклаб келаётганимизни кўриб, «Маст бўлишса керак», дейишди овоз чиқариб. Жамият ҳали ногиронлиги бор одамлар ҳақида тўла маълумотга эга эмас».

Инклюзив таълим учун тўсиқлар

Дилмурод Юсупов, Буюк Британиянинг Сассекс университети, Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти:

«Биринчи навбатда Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш керак. Янги таҳрирдан ўтган «Таълим тўғрисидаги» қонунда тарихда биринчи марта инклюзив таълим тушунчаси киритилган эди. Қонуннинг 20-моддасида инклюзив таълимни ташкил этиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади, деб ёзилган, лекин ҳанузгача бундай тартиб ишлаб чиқилмаган ва психологик-тиббий-педагогик комиссияларнинг хулосаси кўпинча мажбурий тавсия сифатида кўрилади. Мисол учун, ота-она ногиронлиги бўлган боласини умумтаълим мактабида ўқитмоқчи ёки махсус мактаб-интернатдан ўтказмоқчи бўлса, тиббий мутахассисларнинг хулосаси бунга йўл қўймаслиги мумкин. Аммо бундай тартиб Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига зид, чунки барча болалар таълим турини танлаш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, биз жамиятимизнинг онгини тубдан ўзгартиришимиз керак, чунки соғлом болаларнинг ота-оналари ва умумий мактаб ўқитувчилари аксар ҳолларда ногиронлиги бўлган болалар барча болалар билан бирга ўқишга рози бўлмаяпти.

Яна бир муҳим масала бу ўқитувчилар тайёргарлиги, мутахассислар етишмаслиги ҳамда умумтаълим мактаблари биноларида керакли шароитлар яратилмагани билан боғлиқ. Бу муаммолар ҳал этилмасдан туриб, ногиронлиги бўлган болалар шароитсиз ва салбий муносабатли мактабларга ўтказилиши уларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади».

Велосипед ихтиро қилиш шартмас, тажриба ўрганиш керак

Ўзбекистонда инклюзив таълимни татбиқ этишда янги велосипедни ихтиро қилиш шарт эмас, чунки постсовет ҳудудида биздан кўпроқ тажриба ва бу соҳада муваффақиятларга эришган давлатлар бор. Мисол учун, Россиянинг «Таълим тўғрисида»ги қонунида ўқувчиларга таълим муассасаси ва таълим турини танлашнинг академик ҳуқуқи берилиши зарурлиги таъкидланган. Шу билан бирга, қонунга асосан, таълим муассасаси боланинг психофизик ривожланиши ва соғлигидан келиб чиқиб, бепул ижтимоий-педагогик ва психологик ёрдам олиши, психологик-тиббий-педагогик маслаҳатлар олиши учун шароит яратиб бериши белгиланган.

Россияда алоҳида эҳтиёжга эга (диққат етишмаслиги ва гиперактивлик синдроми ёки ДЕГС, аутизм, дислексия ва бошқа ҳолатли) ўқувчиларни индивидуал қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилган. Бу тизимда асосий рол юқори малакали педагог кадрлар, яъни тьюторларда. Тьюторлар захирадаги педагоглар бўлиб ўқишда имконияти чекланган болаларни психологик-педагогик ҳамроҳ сифатида қўллаб-қувватлайди ва умумий синфда доимо ногиронлиги бўлган бола билан доимий ишлайди.

Ўтган йили қабул қилинган Ўзбекистон президенти қарорида ҳам махсус педагоглар ва тьюторлар ОТМларда тайёрланиши назарда тутилган.

Дилмурод Юсупов таклифлари:

«Энг муҳими, инклюзив таълим жорий қилиш тартибларини ногиронлиги бўлган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари, махсус мактаб-интернатлари педагоглари, ногиронлар ташкилотлари вакиллари билан биргаликда ишлаб чиқиш керак. Улар билан тўғридан тўғри муҳокамалар олиб бориб, фикр ва таклифлари инобатга олинса, меъёрий ҳужжатлар амалда самаралироқ ишлайди. «Табиб табиб эмас, бошидан ўтган табиб» деганларидек, айнан ногиронлиги бўлган болаларнинг ўзлари ва уларнинг ота-оналари ўз вазиятларини яхши билишади ва Халқ таълими вазирлиги томонидан уларнинг фикрлари, таклифлари қабул қилиниши керак. Афсуски, менинг кузатишларим шуни кўрсатяптики, кўпинча улар ХТВ томонидан норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда жалб қилинмайди.

Ҳанузгача Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилгани йўқ. Бу халқаро ҳужжатни ратификация қилмасдан туриб биз инклюзив таълимни самарали татбиқ эта олмаймиз, чунки миллий норматив базамиз конвенция тамойилларига тўғри келмайди. Шунинг учун конвенция ратификация қилиниши лозим».

Вазирлик нималар қиляпти?

Суҳроб Холиқов, Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари:

«Ҳозир Қурилиш вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар билан ҳамкорликда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун тўсиқсиз муҳит ва имкониятларни яратиш мақсадида улар ўқиётган таълим муассасаларининг бинолари ва жиҳозларига қўйиладиган талаблар ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, инклюзив таълим синов тариқасида жорий этилиши белгиланган умумтаълим мактаблари инклюзив таълимга жалб этиладиган болалар эҳтиёжига кўра жиҳозланади.

Замонавий мактабларга қўйиладиган талаблар ҳамда улар асосида умумий ўрта таълим муассасаларини баҳолаш методикаси ва тартибида ҳам алоҳида таълим эҳтиёжига муҳтож ўқувчилар сифатли таълим олиши учун етарли шароитлар яратиш ўз аксини топган.

2021-2022 ўқув йилида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг 24 фоизини инклюзив таълим билан қамраб олиш режалаштирилган. 2025 йилга бориб бу кўрсаткич 40 фоизга етиши назарда тутилган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган биттадан умумтаълим мактабида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун бошланғич таянч коррекцион синфлари очилиши белгиланган. Бундай синфларга диққат етишмаслиги ва гиперактивлик синдроми (ДЕГС), дислексия ва аутизм ташхиси қўйилган болалар қабул қилинади.

Таълим тизимига инклюзив амалиётни татбиқ этиш бўйича педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларининг ўқув режаларига таълим-тарбияга оид махсус ўқув машғулотларини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилган. Бундан ташқари, умумтаълим мактаблари психологлари томонидан ўқувчилар ва ўқитувчилар ўртасида ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ ва камситишларга қарши тренинглар ўтказилиб келинмоқда.

Хулоса

Режаларга қаралса, ҳаммаси чиройли: 2025 йилгача бўлган мақсадлар ҳам худди концепциядагидек амалга оширилса, имконияти чекланган болалар бошқалар сингари бир хил шароитда таълим олиши керак, уларга дарсликлар, ўқув қўлланмалари етмай қолиши керак эмас. Бундай болалар ҳам соғлом болалар каби қийналмасдан мактабга бориши, келажакда ўз йўлини осонроқ топиши мумкин. Жамият ҳам имконияти чекланган шахсларга бегонадек ажабланиб қарамайди.

Фақат концепция тўлиқ амалга ошиши қатъий назоратга олиниши, ҳеч нарса қоғозда қолиб кетмаслиги керак ва Халқ таълими вазирлиги ихтисослашган мактаб ўқитувчиларининг хавотирларига эътибор бериб уларни эшитиши, жамоатчиликнинг фикрларини ҳам ўрганиб бориши мақсадга мувофиқ.

Зилола Ғайбуллаева, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид