Жаҳон | 20:42 / 04.11.2022
13278
8 дақиқада ўқилади

Иқлим бўйича дунёнинг энг йирик йиғилиши: COP27да бу йил нималар муҳокама қилинади?

27 йилдан бери ҳар йили дунёни яна ҳам иситиб юбормаслик учун юзлаб давлатлар бир жойга йиғилиб, ўзлари учун қоидалар ишлаб чиқади. Шунга қарамай, глобал иқлим ўзгариши йилдан йилга ҳалокатли бўлиб боряпти. Бунга сабаб нима, COP'да қайси давлатлар қандай мажбурият оляпти ва нега уни бажармай келяпти?

COP ҳақида

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг иқлим бўйича ҳар йили бўладиган халқаро конференциялари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим Ўзгариши бўйича Доиравий Конвенцияси (United Nations Framework Convention on Climate Change (UNFCCC) асосида ўтказилади. UNFCCC’нинг Томонлар конференцияси, яъни COP (Conference of the Parties) – 1995 йил 28 март–7 апрель кунлари илк марта Берлинда бўлган.

Ўшандан бери COP ҳар йили (2020 йил пандемия сабаб қолдирилган) Киото протоколи бўйича музокаралар олиб бориш учун давлатларни бир жойга йиғади. Протоколда иқлим ўзгаришига қарши курашда эришилган ютуқларни баҳолаш, ривожланган давлатларнинг иссиқхона газларини қисқартириш бўйича ҳуқуқий мажбуриятлари белгиланган.

UNFCCC’нинг олий бош органи COP ҳисобланиб, у конвенцияга аъзо давлатлар вакиллари ва аккредитациядан ўтган кузатувчилардан иборат. Улар UNFCCC ва COP қабул қиладиган ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилишини кўриб чиқиш ва конвенцияга амал қилишда кўмаклашиш учун зарур қарорларни қабул қилади. CОPʼнинг якуний матни томонлар розилиги билан ёзилади.

COP’нинг энг муҳим йиғилишларидан бири 1997 йил Япониянинг Киото шаҳрида ўтказилган. Ўшанда саноат газлари бўйича Киото протоколи тузилган. Ва мамлакатларга илк маротаба иссиқхона газларини камайтириш бўйича мажбурият юкланган. Саноати ривожланган аксар мамлакатлар ва марказий Европадаги давлатлар 2008–2012 йиллар оралиғида иссиқхона газларини 1990 йилдаги даражадан ўртача 6-8 фоизга туширишга келишиб олган. Қўшма Штатлар ҳам ўзининг умумий газларини 1990 йилдаги даражадан ўртача 7 фоизга камайтириши керак эди. Бироқ Клинтон имзолаганидан кейин Конгресс шартномани ратификация қилмаган. Буш маъмурияти эса протоколни 2001 йилда очиқчасига рад этган.

Саммитнинг асосий мақсади – давлатларга иқлимни 1,5C дан исиб кетмаслиги учун мажбурият юклаш. Ҳозир глобал ҳарорат 1.1C да. Бу 2022-2026 йилларда 1.1-1.7C оралиғида бўлиши прогноз қилинган. 1.8C дунёнинг ярим аҳолиси учун хавфли намлик ва иссиқ дегани.

COP26’даги олинган мажбуриятлар

COP26 2021 йил 1–13 ноябрда Глазгода бошланганди. Унда 196та давлатдан 25 минг киши, жумладан, сиёсатчилар, журналистлар, нотижорат ташкилотлари ва бизнес вакиллари ташриф буюрганди. Уларнинг хавфсизлиги учун 10 минг полициячи бириктирилган.

Саммитда янги глобал келишув – «Глазго иқлим пакти» тузиб олинган. Бу – юридик жиҳатдан мажбурий бўлмаса-да, кейинги ўн йилликда иқлим ўзгариши бўйича глобал кун тартибини белгилаб берганди. Унда иқлим ўзгаришининг энг ёмон таъсирини камайтиришга оид йўл-йўриқлар киритилган.

Бундан ташқари, мамлакатлар кўмирдан бутунлай воз кечиш ўрнига босқичма-босқич камайтириш йўлини танлашганди. Кўмир глобал исишнинг 40 фоизини келтириб чиқаради. Бунинг катта қисми эса Хитой ва Ҳиндистонга тегишли.

Саммитда яна дунё етакчилари кўмир, нефть ёки табиий газ нархини сунъий равишда пасайтирадиган субсидияларни босқичма-босқич бекор қилишга келишиб олган. Бироқ буни амалга ошириш учун аниқ саналар кўрсатишмаган.

Шунингдек, дунёдаги ўрмонларнинг 85 фоизига эгалик қиладиган 100дан ортиқ мамлакат раҳбарлари 2030 йилгача ўрмонларни кесишни тўхтатишга ваъда беришганди. Лекин буни қандай амалга ошириши ҳақида аниқ режалар кўрсатишмаган.

100дан ортиқ давлат 2030 йилгача метан чиқиндиларини 30 фоизга қисқартиришга рози бўлган. Улар ичида Хитой, Россия ва Ҳиндистон йўқ. Метан инсон таъсиридаги глобал исишнинг 1/3 қисмини ташкил қилади. АҚШ ва Хитой метандан воз кечиб, тоза энергия манбасидан фойдаланиш учун ҳамкорлик қилишга келишиб олган.

130 триллион долларга эгалик қиладиган йирик компаниялар ҳам қайта тикланадиган энергияга ўтиш, кўмир ва нефтдан узоқроқ бўлишга рози бўлишганди. Бироқ айрим иқлим ташкилотлари бундай ваъда мажбурият сифатида белгиланмас экан, уринишлар PR’дан сал ортиқроқ нарса бўлолмайди деган фикрларида туриб олишганди.

COP26’да 200дан ортиқ давлатдан 2030 йилгача иссиқхона газини камайтириш режасини бажариш сўралган. Глобал исишга таъсири кам кўп давлатлар буни қандай бажариш кераклигини ихтиёрий ҳал қилади. Фақат айрим йирик саноат давлатлари учун бу топшириқ қонуний ҳужжатлаштирилади.

COP27'да нима муҳокама қилинади?

Бу йил БМТ иқлим бўйича йиғилишининг 27-йили. COP27 Мисрнинг Шарм Ал Шайх шаҳрида 6-18 ноябрь кунлари ўтказилади.

Африка иқлим конференциясига 5 марта мезбонлик қилмоқда. ЖАРда ҳозир қурғоқчилик сабаб 20 миллион аҳоли озиқ-овқат таъминоти танқислигига дучор бўлган. Учрашув олдидан мамлакатларга ўз иқлим режаларини тақдим этишлари айтилган ва буни ҳозирча 25 давлат бажарган холос.

Олдинроқ саммитга Буюк Британиянинг янги вазири Риши Сунак бормаслиги маълум қилинганди. Бироқ вазир яқинда COP27’да иштирок этиши ҳақида твит қўйган. Хитой раҳбарининг бориш бормаслиги эса ҳозирча номаълум. Россия президенти Владимир Путин саммитда қатнашмоқчи эмас, лекин уни конференцияда кутишмоқда.

Бу йил COP27 3та йўналишда иш бошлайди: 1-иссиқхона газларини камайтириш, 2-иқлим ўзгаришига қарши курашда мамлакатларга ёрдам бериш йўллари, 3-ривожланаётган давлатларга техник ва иқтисодий ёрдам кўрсатиш.

Ким нимани хоҳлайди?

Ўтган йили бой давлатлар ривожланаётган давлатларга муқобил энергиядан фойдаланиш, иқлим ўзгариши оқибатларини енгиш учун кўпроқ пул ажратишга келишишганди. Бунинг учун режалаштирилган бюджет 2020 йилгача 100 миллион доллар деб белгиланган бўлса, 2025 йилгача 1 триллион долларлик ёрдам жамғармасини йиғишмоқчи эди. Лекин давлатлар 100 миллион долларни ҳам 2020 йилгача тўлашмаган, уни қоплашни 2023 йилга суришганди. Ҳатто 2022 йил июнда Боннда ўтказилган иқлим конференциясида АҚШ ва Европа иттифоқи бу тўловни бажаришни хоҳламаслигини маълум қилган. Натижада иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўраётган давлатлар ва катта заҳарловчилар ўртасида келишмовчилик бўлган. Ўшанда бу масалани COP27’да қайта кўриб чиқишга келишилган.

Хуллас, ривожланаётган давлатлар COP27’дан ўзлари учун товон пули тўлашнинг аниқ санаси белгиланишини хоҳлашади. Ривожланган давлатлар эса Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Индонезия ва Жанубий Африка каби давлатлардан иссиқхона газини камайтириш бўйича аниқ режа талаб қилади. Айрим иқлимшунослар эса CОП27ʼда қандай қарор қабул қилинишидан қатъи назар дунёни 1,5C юқори даражадаги глобал исишдан асраб қолишнинг иложи йўқ деб ҳисобламоқда.

Ўзбекистоннинг COP26'даги иштироки

Ўзбекистон атмосферага катта миқдорда саноат чиқиндилари ташлайдиган давлат эмас, лекин глобал исишдан ҳамма қатори жабр кўряпти. Шу сабаб иқлим конференцияларида катта заҳарловчи давлатлар учун маълум маънода талаб қўйишга ҳақли. Масалан, ўтган йили COP26’да Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этишганди. Ва саммитдан қайтгач, матбуот анжумани ўтказиб, COP26’даги иштироки ҳақида гапириб беришганди.

«Ҳозир дунё экологиясига ҳар йили чиқарилаётган газларнинг энг кўп қисми айнан ривожланган давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Улар дунёнинг иқтисодиёт жиҳатидан энг кучли 20 та давлати. Шундай бўлса-да, биз ҳам Глазгодаги саммитда шунчаки қатнашмадик – ўз фикрларимизни айтдик. Умуман, нафақат биз, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам «Катта йигирматалик»ни юқоридаги кўрсаткичларни камайтиришга чақирди.

Шунингдек, ушбу давлатлар ёш ва эндигина ривожланаётган давлатларга маблағ ва техника борасида ёрдам кўрсатсагина, бу борадаги муаммоларга қандайдир таъсир кўрсатиш мумкин», — деганди Гидрометеорология хизмати маркази директори ўринбосари Ибратжон Каримов.

Кun.uz’га берилган маълумотга кўра, бу йил COP27’да ҳам Ўзбекистон вакиллари иштирок этади. Делегация вакиллари тасдиқланган. Масъуллар саммитга қандай масалаларни олиб бораётгани, нима режалар қилингани эса ҳозирча номаълум.

Зуҳра Абдуҳалимова,
журналист

Мавзуга оид