1 февралдан қонунчиликда қандай ўзгаришлар кучга киради?
Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ 2022 йил 1 февралдан Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
Ҳокимларнинг қурилиш бўйича ўринбосарларига экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари ҳам бириктирилади
“Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига асосан 2022 йил 1 февралдан:
- вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилиб, қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими киритилади;
- Тошкент шаҳри ва унинг туманлари ҳокимларининг архитектура, капитал қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими тугатилиб, қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими киритилади.
Жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйишга рухсат берилади
Президентнинг балиқчиликни ривожлантириш бўйича президент қарорига мувофиқ 2022 йил 1 февралдан:
- жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйишга рухсат берилади;
- 2025 йил 1 январга қадар айрим солиқ имтиёзларига эга бўлади.
Балиқ етиштирувчи хонадон эгаларига ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаси 50 фоиз миқдорида белгиланади.
С1 ёки унга тенг даражадаги сертификатга эга рус тили ўқитувчиларига устама тўланади
С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига сертификат олинган кундан бошлаб икки йил давомида устама тўланади.
Бундан ташқари, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида фаолият юритадиган нодавлат таълим ташкилотлари:
- таълим жараёнида фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларининг 50 фоизигача Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
- вазирлик ва идоралар тизимидаги коллеж ва техникумларнинг бино ва иншоотларида фаолиятини амалга оширганида ижара тўловидан озод этилади (сақлаш ва коммунал тўловлар бўйича харажатлар бундан мустасно).
26та ташкилотда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади
Коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган айрим давлат ташкилотлари фаолиятига эксперимент тариқасида 1 февралдан бошлаб коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади.
2022 йил 1 июлдан бошлаб тизим барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади.
Масофадан амалга оширилган савдо бўйича электрон чекларда фискал белгилар акс эттирилади
Тўлов ташкилоти, тижорат банкларининг электрон тўлов хизматлари (шу жумладан мобил иловалар орқали), шунингдек, электрон тижорат платформалари — «Маркетплейс»ларнинг ахборот тизимлари ёрдамида масофадан туриб амалга оширилган савдо ва пуллик хизматлар бўйича транзакцияларнинг («P2P», кредит тўловлари бундан мустасно) электрон чекларида солиқ органлари ахборотлар тизимларига интеграциялашган ва автоматик тарзда шаклланувчи фискал белгиларни мажбурий акс эттириш талаби ўрнатилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун ўқув курслари ташкил этилади
Президент қарорига биноан:
- барча ҳудудлардаги касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар чоракда қисқа муддатли курслар;
- «Ишга марҳамат» мономарказларида ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этилган ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, хорижий тил, компьютер саводхонлиги ва компьютерда дастурлаш асослари бўйича доимий равишда ўқув курслари ташкил этилади.
Ўқув курсларини ташкил этиш билан боғлиқ барча харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда хорижий грант ва кредитлар ҳисобидан амалга оширилади.
Маҳаллий фармацевтика компанияларининг маҳсулотларини хорижда рўйхатдан ўтказиш харажатлари қоплаб берилади
Маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 75 фоизи улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан сўнг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилади.
«Меҳр дафтари»га киритилган етим болаларга оид маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизими орқали аниқлаш йўлга қўйилади
Ҳукумат қарорига биноан «Меҳр дафтари»га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга оид маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали аниқлаш йўлга қўйилади.
Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига бюджетдан ҳар ойлик қўшимча трансфертлар ажратилади
Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг асосий молиявий манбаи ҳисобланган туристик йиғим (меҳмонхона йиғими)ни ҳисоблаш ва тўлаш 2021 йил 1 сентябрдан тўхтатилгани сабабли Молия вазирлиги 2023 йил 1 январга қадар Давлат бюджетидан Жамғармага ҳар ойда 2,5 млрд сўм миқдоридаги қўшимча трансфертлар ажратади.
Мавзуга оид
16:14 / 27.11.2024
Мигрантлар учун имконият, ишга тушаётган ижтимоий карталар ва «Мажбуриятлар реестри» – 1 декабрдан нималар ўзгаради?
13:59 / 29.10.2024
Камбағалликни қисқартиришда янги дастур, заргарлик буюмлари импортида енгиллик ва чиқинди қарздорлиги учун “жазо” – 1 ноябрдан нималар ўзгаради?
14:36 / 28.09.2024
Оширилаётган иш ҳақи, давлат харидларидаги шаффофлик ва овчилар учун янги тартиб – 1 октябрдан нималар ўзгаради?
14:09 / 26.08.2024