Жамият | 15:11 / 09.02.2016
11714
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилди

Бугун, 9 февраль куни улуғ шоирнинг 575 йиллиги нишонланиши муносабати билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, ижодий уюшмалар ва жамоат ташкилотлари вакиллари, навоийшунос олимлар, адиб ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон халқ шоири С.Саййид буюк бобомизга бағишланган «...Навоий сўзидин бир ғазал» номли янги шеърини ўқиб берди.

Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижлик талабалар, мумтоз ўзбек адабиёти бўйича изланаётган чет эллик тадқиқотчилар Алишер Навоий рубоийларидан намуналарни ўзбек тилида ўқиди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Элмурод Аҳмедов ва Фурқат Ашуралиев ижросида улуғ шоир ғазали асосидаги қўшиқлар янгради. Шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Шу куни Тошкент шаҳридаги Шоирлар хиёбонида ҳам улуғ мутафаккир таваллудига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари С.Саййид, навоийшунос олим, академик А.Қаюмов, Ўзбекистон халқ шоири М.Тойир ва бошқалар Навоий ижодининг умрбоқийлиги, жозибаси, илмий, тарбиявий аҳамияти ҳақида сўзлади.

Алишер Навоий асарларидан намуналар ўқилди. Навоий ғазаллари билан айтилувчи қўшиқлар мушоирага янада кўтаринкилик бағишлади.

Бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ҳам ўтказилмоқда.