Спорт | 15:08 / 03.05.2016
5675
2 дақиқада ўқилади

Луи ван Гаал: «Мен дунёнинг энг кучли мураббийларидан бириман. Шунчаки матбуот бу ҳақиқатни ҳазм қила олмайди»

«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Луи ван Гаал ўзининг тез орада жамоадан кетиши ҳақида тарқалган миш-мишларга муносабатини билдириб ўтди.

«Биздан жуда кўп нарсани кутишади. Ҳозир жамоа ўзгаришлар даврида турибди ва бундай даврда барча ўйлаганинг осонлик билан амалга ошавермайди.

Матбуот мени ярим йил олдиноқ ишдан бўшатганди. Аввал ишлаган бошқа жамоаларимда ҳам журналистлар менга шундай муносабатда бўлишарди ва мен бундай ҳолатлардан чиқиб кетардим.

Бу вазият футболчиларимга ҳам алоқадор. Мен – мураббийман, менда ўтаб беришим керак бўлган шартнома мавжуд. Футболчилар ҳар куни газеталарда менинг ишдан бўшатилишим ҳақида ўйлашади. Бундай хабарлар менинг улар олдидаги нуфузимга қандай таъсир кўрсатишини биласизми? Бундай ҳолатда уларга гапим ўтадими? Улар қандай қилиб менинг кўрсатмаларимга амал қилишсинки, ҳар куни уларга менинг жамоада ҳеч кимлигим ҳақида уқтиришса?

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Мен ўзимга яраша ғурурли инсонман. Мен дунёдаги энг кучли мураббийлардан бириман. Лекин матбуот бу ҳақиқатни ҳазм қила олмайди», – дейди голландиялик мутахассис.

«Манчестер Юнайтед» айни вақтда 60 очко билан АПЛ турнир жадвалининг 5-поғонасида жойлашган. Жамоа кейинги турларда «Норвич» ҳамда «Борнмут» жамоаларига қарши ўйнайди. Қолаверса, ван Гаал шогирдларида битта захира ўйини мавжуд ва бу ўйин «Вест Ҳэм»га қарши кечади. Бу учрашувларда керакли натижани қайд этиб жамоа кейинги мавсумда ЕЧЛда иштирок этиш учун йўлланмага эга бўлиши мумкин. Жамоанинг 3 ва 4-ўринлар учун тўғридан-тўғри рақиблари «Арсенал», «Манчестер Сити» ва «Вест Ҳэм» ҳисобланади.

Мавзуга оид