Фан-техника | 19:09 / 01.07.2016
4466
2 дақиқада ўқилади

Spotify: Apple иловалар маркази App Store’дан қурол сифатида фойдаланмоқда

Дунёдаги йирик мусиқа тинглаш хизматларидан бири Spotify Apple компаниясини, иловасининг янги талқинини App Storeга жойлаштиришга рухсат бермаётганликда айблади. Spotify юристларининг таъкидлашларича, i-компания қасддан уларнинг янгиланган дастурини иловалар дўконига қўйишни истамаяпти. Чунки, улар Apple Musicга рақобатчи пайдо бўлишидан хавфсирамоқда.

"Биз четда тура олмаймиз, чунки Apple App Store (эйпл стор)нинг тасдиқлаш жараёнидан қурол сифатида фойдаланмоқда", — деб ёзган Spotifyнинг бош ҳуқуқий маслаҳатчиси Орасио Гутьеррес Appleдаги ҳамкасби Брюс Сьюэллга йўллаган мактубида.

Унинг сўзларига кўра, i-компаниянинг "рақобатга қарши" сиёсати "Spotify ва унинг мижозларига ўнглаб бўлмас зарар келтирмоқда".

Маълум бўлишича, Apple дастурнинг янги талқинини "бизнес модел қоидаси"га асосланган ҳолда рад этган. Шу билан бирга, "Spotify янги мижозларни жалб этиш ва обуна бўлишларни кўпайтиришни хоҳласа" i-компаниянинг ҳисобга олиш дастуридан фойдаланишни шарт қилган. Айни шу талаб, мусиқа дастурининг сабр косасини тўлдирган. 

Мактубнинг нусхаси Вашингтондаги Конгресс аъзоларига ҳам юборилган.

2008 йили фаолиятини бошлаган Spotify, бугунги кунга келиб дунёнинг 55 мамлакатида ишламоқда. Мусиқий хизмат кўрсатиш компаниясининг мижозлари сони 75 миллион кишидан ортади. Унинг фонотекасида 30 миллиондан ортиқ мусиқа бор.