13:59 / 11.07.2016
20431

ОАВ: Россия Ми-35М вертолётининг уриб туширилганига жавоб бериши мумкин

Фото: Видеодан олинган кадр

Жангарилар томонидан Сурияда уриб туширилган, бортида россиялик учувчилар бўлган Ми-35М жанговар вертолёти Сурия армияси эмас, Россия ҳаво-космик кучларига қарашли бўлган. Бу ҳақда «Коммерсантъ» газетаси Россия ҳарбий қўмондонлигидаги манбасига таянган ҳолда хабар қилмоқда. 

Юқори лавозимли ҳарбийларнинг сўзларига кўра, вертолётнинг йўқ қилиниши жавобсиз қолмайди. «Коммерсантъ»нинг ёзишича, ҳозирча бир неча ўч олиш вариантлари кўриб чиқилмоқда. 

Нашрга кўра, ушбу чоралар шу ҳафтанинг ўзида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу томонидан эълон қилиниши мумкин. 

Мудофаа вазирлиги тахминига кўра, Суриянинг Хомс вилоятида назорат парвозини амалга ошираётган полковник Ряфагат Хабибуллин ва лейтенант Евгений Долгин террорчилар билан жангга киришган ҳамда ИШИД томонидан уриб туширилган. Вертолёт Сурия ҳукумат қўшинлари назоратидаги ҳудудга қулаши оқибатида унинг экипажи ҳалок бўлган. 

«Интерфакс» маълумотларига кўра, жангарилар вертолётни Американинг TOW мажмуаси ёрдамида уриб туширишган. Ракета техниканинг дум қисмига теккани боис, мувозанатни йўқотган вертолёт ерга қулаган. 


 

Top