21:04 / 08.08.2016
10149

iPhone'нинг расман тақдим қилинмаган моделлари видеоси

Apple'нинг янги смартфонлари тақдимоти яқинлашган сари интернетда тез-тез бўлғуси янги қурилмаларнинг сурат ва видеолари пайдо бўлмоқда. Буларга ишониш ё ишонмаслик фойдаланувчиларнинг ўзига ҳавола, албатта. Сўнгги видеоматериалда томошабинлар ҳукмига бирйўла 3 модель тақдим қилинади - iPhone 7, iPhone 7 Plus ва iPhone 7 Pro. Намойиш қилинган учта қурилма амалдаги намуналар эмас, бўлғуси янги смартфонларнинг ташқи дизайнини кўрсатувчи макетлар, холос. 

Видеода iPhone 7 ва iPhone 7 Plus қурилмалари ташқи кўринишидан фақат дисплей ҳажми жиҳатидан фарқ қилади, iPhone 7 Pro эса икки модулли асосий камераси билан ажралиб туради. Apple ҳақиқатда бу уч қурилмани ишлаб чиқаришни йўлга қўядими ёки йўқ - ҳозирча номаълум. 

Тахминларга кўра, икки модулли камеранинг созламасидаги мураккабликлар iPhone 7 Pro қурилмасининг баҳосини тушириб юбориши мумкин, шундай бўлган тақдирда, корпорациянинг қурилмани ишлаб чиқаришга сарфлайдиган пуллари ўзини оқламайди. Шунга қарамай, сентябрь ойида iPhone'нинг икки одатий моделлари тақдимоти бўлиб ўтиши аниқ. 

Маълумотларга кўра, iPhone 7 такомиллаштирилган Apple A10 чипи, аввалги 16 Гб ўрнига 32 Гб ички хотира, LTE ва Wi-Fi тезкор модуллари, намлик ва чангдан ҳимоя билан таъминланган. Қулоқчинлар учун 3,5 миллиметрли дарча йўқ. Янги қурилма тақдимоти анъаналарга содиқ ҳолда сентябрь ойида ўтказилади. Видеода кўрганларимиз ҳаётда ўз аксини топадими ёки йўқ - буни 6 сентябрь куни ўтказиладиган расмий тақдимот маросимида билиб оламиз.  

Top