15:50 / 24.08.2016
5231

Япония 2020 йилги Олимпия ўйинларининг бир қисмини Фукусима префектурасида ўтказиши мумкин

2020 йилги Олимпиада мезбонлик қиладиган Япония бейсбол ва софтбол спорт турлари бўйича мусобақаларни 5 йил олдин «Фукусима-1» атом электр станциясидаги авария юз берган Фукусима префектураси ҳудудида ўтказиши мумкин. Бу ҳақда "Кахоку симпо" газетаси хабар берган.

Манба маълумотига кўра, Фукусимадаги Япония Либерал-демократик партияси вакиллари Токиога келиб, мамлакат Спорт ишлари вазири Тамайо Марукаво билан учрашган. Улар Фукусимада турнирни ёки ундан олдинги мусобақаларни ўтказишни сўраган.

ЛДПнинг Фукусимадаги вакили Такуми Нэматонинг газетага маълум қилишича, Токио Олимпиадаси халқаро ҳамжамиятнинг Фукусимани тиклаш ишларига эътибор қаратишига туртки бўлиши мумкин.

Ўз навбатида вазир Марукава бу масалани кўриб чиқишга ваъда берган.

2011 йилнинг 11 март куни Японияда мамлакат тарихидаги энг кучли ер силкиниши содир бўлди. У ўзидан сўнг шиддатли цунамини келтириб чиқарди. Силкинишдан бир соат ўтиб, Сендай аэропорти сув остида қолиб кетди. Тўрт метр баландликдаги тўлқинлар автомобиль ва самолётларни ювиб кетар, биноларни ер билан битта қиларди. Табиий офат «Фукусима-1» атом электр станциясидаги аварияга олиб келди. Техноген фожиа туфайли 120 минг киши эвакуация қилинди. Зилзила ва цунами оқибатида ҳалок бўлганлар сони 16 минг кишини ташкил қилди, яна 20 минг киши дом-дараксиз кетган деб ҳисобланган, 6 минг киши жароҳат олди.

Ҳалокат оқибатларидан тўла фориғ бўлиш учун 40 йил талаб этилиши айтилган.

Top