07:52 / 30.08.2016
5455

ФҚБ Обамага суиқасд уюштирмоқчи бўлган эркакни қўлга олди

АҚШ Федерал қидирувлар бюроси АҚШ президенти Барак Обамани августдаги таътиллари вақтида ўлдирмоқчи бўлган массачусетслик эркакни қўлга олди. Бу ҳақда Fox News телеканали хабар бермоқда.

Телеканал маълумотларига кўра, 40 ёшли Жозеф Гаргьюло 27 августда ҳибсга олинган, унинг уйи тинтув қилинганда ўқлар ва ўқотар қуроллар, портловчи моддалар арсенали аниқланган. Эркак унинг танишларидан бирининг кўрсатмаси билан қўлга олинган. 

"Гаргьюло президент Мартас-Винъярд оролида гольф майдонида бўлганда уни ўлдириш имкониятидан фойдаланмоқчи эканлигини айтган", дейилмоқда хабарда.

ФҚБ олган маълумотларга кўра, гумонланувчи AR-15 милтиғи учун компонентлар ҳамда портловчи қурилма тайёрлаш учун ишлатиладиган термит харид қилган.

Маълумотларга кўра, Гаргьюлода руҳияти билан муаммолар бўлган, стероидлар истеъмол қилиб юрган ва яқин орада АҚШда ҳарбий тартиб киритилишига ишонган. Тахминларча, у бир неча маротаба хавфсизлик идоралари ходимлари ва мусулмонларни ўлдириш билан таҳдид қилган.

 

Top