16:54 / 30.08.2016
9474

Франция президенти Россияга қарши санкциялар борасида баёнот берди

Фото: AFP

Франция президенти Франсуа Олланд Россия билан муносабатлар ёмонлашганидан афсус билдириб, санкцияларнинг бекор қилинишига ишониши ҳақида баёнот берди. Унинг фикрича, ўзаро жазо чоралари қўллаш сиёсатидан воз кечиш — умумий манфаатларга мос келади, деб хабар қилмоқда РИА «Новости».

«Украина инқирози Россиянинг Европа мамлакатлари билан муносабатига таъсир қилди. Менимча, вазият афсус қилишга арзийди. Чунки, у барча томонларга, хусусан, санкциялар туфайли қўшма иқтисодий лойиҳаларга салбий таъсир қилди. Шунинг учун ҳам, барча юзага келган вазиятдан тезроқ чиқиш йўлини топишдан манфаатдор», — дея баёнот берган Франция раҳбари. 

Президент шунингдек, Франция ва Россия алоқалари ҳар доим ишончли ва қалин бўлганини хотирлаган. Олланднинг умид билдиришича, Россия томони билан муносабатларни тиклаш мумкин. Аммо, унинг қайд этишича, Россия ҳам ўз навбатида инқирозлар, жумладан Украина ва Сурия муаммосини ҳал этишда ёрдам бериши керак. 

Top