22:06 / 28.09.2016
9439

АҚШ Сенати Обаманинг 11/9 воқеалари сабаб Саудияга қарши даъво қўзғашга имкон берувчи қонун лойиҳасига ветоcини енгиб чиқди

АҚШ Сенати Обаманинг 11 сентябрь воқеалари сабаб Саудия Арабистонига қарши даъво қўзғашга имкон берувчи қонун лойиҳасига қўйган ветоcини бартараф этди.

Associated Press нашри хабарига кўра, 97 нафар сенатор президентнинг ветоси қайтарилиши учун овоз берган, бир киши бунга қарши чиққан. 

Ўтган ҳафтада АҚШ президенти Барак Обама 11 сентябрь терактлари қурбонлари оилаларига Саудия Арабистонига қарши даъво қўзғашга имкон берувчи қонун лойиҳасига тақиқ қўйиш ниятида экани маълум бўлганди.

Гап халқаро террорчи ташкилотлар томонидан АҚШда амалга оширилган ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлганлар оилаларига мазкур террорчи ташкилотларни АҚШ ҳудудида қўллаб-қувватлаётган давлатларга қарши даъво қўзғашга имкон берувчи қонун ҳақида эди.

АҚШ президенти маъмурияти мазкур қонун лойиҳасига қарши эканлигини бошқа давлатлар уни америкалик дипломатлар, ҳарбийлар ёки компанияларни маҳкамага тортиш учун фойдаланиши мумкинлиги билан изоҳлаганди.

Оқ уйдагилар бу қонун АҚШнинг миллий манфаатларига зиён келтириши мумкинлигини, мамлакатнинг яқин ҳамкорлари билан муносабатлари қийинлашишига олиб келишидан хавотир билдиришган.

Top