15:23 / 03.10.2016
18540

Тижоратни назорат қилиш бўйича ўзгартиришлар киритилди

Жаҳон иқтисодиётида мавжуд рақобат муҳити миллий иқтисодиётни барча соҳаларида инновацион технологияларни кенг қўллашни тақозо этмоқда, шу жумладан, бизнес, тижорат ва савдо соҳаларида ҳам. Ҳозирда электрон савдо ва тижорат хўжалик субъектларнинг иқтисодий-молиявий барқарорлигини ва бозорлардаги устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бугунги иқтисодчи – экспертлар электрон тижоратни иқтисодиётни ривожлантирувчи самарали механизм деб таъкидламоқдалар. Бу фикрлар мантиққа асосланган бўлиб, ҳозирги замонавий жамиятда шиддат билан ривожланиб келаётган ахборот технология ва коммуникация тизимлари барча соҳаларни камраб олмоқда, бу эса, ўз навбатида, жамият субъектлари ўртасидаги муносабатларни янги кўринишда ташкиллаштиришни талаб этмоқда.

Бугунги харидор ва истеъмолчининг талаблари кундан-кунга кенг ва серқиррали бўлиб бормоқда ва уларни қондириш, шу билан бирга, ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий ва иқтисодий барқарорлигини таъминлаш масалаларини ҳал этишда электрон савдо ва электрон тижорат самарали восита бўлиб ҳизмат қилиши шубҳасиз.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан электрон савдо ва тижоратни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилиб, ҳозирда соҳани ривожлантириш учун иқтисодий, техник ва ҳуқуқий шарт-шароитлари яратиб берилган ва улар доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Хусусан, яқинда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ Ҳукуматнинг алоҳида савдо шаклларини назорат қилиш бўйича қатор қарорларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомга киритилган ўзгаришга кўра, энди товарларни электрон тижорат шаклда улгуржи ва кичик партиялар билан сотишда шартномага улгуржи савдо билан шуғулланувчи ҳаридор (буюртмачи)нинг давлат солиқ хизмати органидаги рўйҳатдан ўтган жойидан турғун савдо шаҳобчаси мавжудлиги ва назорат-касса машинаси борлиги ҳақида маълумотномасини илова қилиши талаб этилмайди.

Шунингдек, юридик шахслар турғун савдо шаҳобчаларидан ташқари назорат касса машиналаридан фойдаланиш шарти билан кўчма савдо объектлари орқали ҳам чакана савдо-сотиқни амалга оширишлари мумкин.

Бундан ташқари, юридик шахслар ва хусусий тадбиркорларга турғун савдо шаҳобчаларидан ташқарида ва назорат-касса машиналаридан фойдаланмасдан электрон тижорат шаклида чакана савдо-сотиқ қилишларига йўл қўйилади. Унда товарларни электрон тижорат шаклда товарларни сотишда иш жойларидан ташқарида тарози ва бошқа ўлчов асбобларидан фойдаланиш имкониятлари ўз аксини топган. Энди банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари фақат турғун савдо шаҳочаларидагина эмас, балки кўчар савдо объектларида ҳам бўлиши шарт.

 Электрон тижорат шаклида нон ва нон-булка маҳсулотларини сотишда энди махсус анжомлар (вилкалар, пичоқлар, ажратувчи тахталар, стеллажлар, полкаларни нон ушоқларидан тозалаш учун четкава бошқалар) талаб этилмайди.

 Шунингдек, электрон тижорат шаклда картошка ва мева-сабзавот товарлари полкаларда, этажеркаларда ва пештахталарда, шу жумладан совутиш пештахталарида, чакана савдо столларида, саватларда, яшикларда ва бошқа асбоб-ускуналар ва жиҳозларда кўрсатиб қўйилиши талаб этилмайди.

Кўчма тижорат объекти фаолияти амалга ошириладиган жой ўзгарган тақдирда 7 иш куни мобайнида бу ҳақда давлат солиқ хизмати органларини огоҳлантириш талаби ҳужжатга қўшимча қилиб киритилган. Ҳам кўчма тижорат объектлари, ҳам турғун савдо шаҳобчалари назорат-касса машинаси рўйҳатдан ўтказиш карточкасини олиш учун давлат солиқ хизмати органларига бир хил ҳужжатларни тақдим этишади.

Худди шу тартибдаги қатор ўзгаришлар халқимизни тадбиркорлик билан боғлиқ ҳуқуқларини кенгайтирган ҳолда халқимизга хизмат кўрсатиш сифатини оширади ва одамларнинг турмуш фаровонлиги ва эркин савдо-сотиқ борасидаги ҳуқуқий манфаатларини мустаҳкамлайди.

Соҳибжон ИСМОИЛОВ,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси

Манба: parliament.gov.uz

Top