13:35 / 06.10.2016
11994

Хитойлик сайёҳлар 5 кун ичида 60 миллиард доллар сарфлашди

Фото: ТАСС

Хитойлик сайёҳлар ХХР ташкил топган кун муносабати билан эълон қилинган 5 кунлик дам олиш кунларидаги саёҳатлари давомида 60 миллиард доллар сарфлашган. Марказий Хитой телевидениеси хабар қилишича, байрам муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунлари ҳали ниҳоясига етмаган, шу боис сайёҳлар сарфлаган якуний сумма бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Бу ҳақида ТАСС нашри хабар берди. 

Октябрнинг илк 5 кун натижаларига кўра, 589 миллион киши Хитой бўйлаб саёҳат қилишган, яна 6 миллион нафари хорижий сафарларга йўл олишди. "Жорий йилда дам олиш учун танланаётган энг машҳур жойлар - Корея Республикаси, Таиланд, Япония, Индонезия, АҚШ, Сингапур, Вьетнам, Малайзия, Мальдив ороллари ва Россия", - дея маълум қилинди Хитойнинг энг йирик сайёҳлик оператори ҳисобланган Ctrip компаниясида. 

2015 йил якунларига кўра, Хитойнинг халқаро туризм соҳасидан тушувчи даромадлар 114 миллиард долларни ташкил қилган. ХХР бу кўрсаткич бўйича Испанияни ортда қолдириб, дунё миқёсида иккинчи ўринни эгаллади.

Ўтган йили тахминан 128 миллион Хитой аҳолиси хорижга саёҳат қилган. Улар саёҳатлари давомида деярли 292 миллиард доллар сарфлашган.  

Манбага кўра, хитойликлар саёҳатни режалаштираётганда хориж мамлакатидаги обидалар ва ўша жойнинг ошхонасига хос бўлган хусусиятларга алоҳида эътибор қаратишади. 
 

Top