17:54 / 23.10.2016
10190

Омскда полициячилар муштлашаётган полициячиларни тинчитиш учун полициячиларни ёрдамга чақирди

Фото: © РИА Новости

Россиянинг Омск вилояти, Калачинск шаҳридаги полиция бўлими ходимларидан бирининг туғилган куни муносабати билан ташкил этилган зиёфат вақтида зиддият юзага келди. «Омск-информ» маълумотига кўра, 15 октябрь кунида муштлашув рўй берган, бу ҳақда энди маълум қилинди.

Туғилган кун маросими Калачинск шаҳридаги ошхоналардан бирида ўтказилаётганди. Унда 60 нафарга яқин полициячи йиғилган, айнан шу полициячилар ўзаро муштлашган. Воқеа рўй берган ҳудудда навбатчи бўлган полициячилар бу низони бартараф этишда ёрдам бериши учун бошқа полициячиларни ёрдамга чақиришга мажбур бўлган. Воқеа жойига шаҳар полиция бўлими бошлиғи Михаил Чемоданов ҳам етиб келган.

Муштлашув рўй берган залга жиддий шикаст етган, ошхонадаги мебеллар, идишлар ва бошқа буюмлар яроқсиз ҳолатга келган ҳамда моддий зарар етказилган. Жабрланувчилар ҳақида маълумотлар йўқ.

Ҳодиса сабаби ҳозирча аниқланмади. 

Top