23:55 / 29.11.2016
7026

Трамп АҚШ байроғини ёқадиганларга нисбатан қатъий чоралар кўришни таклиф қилди

Фото: Getty Images

АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трамп АҚШ байроғини ёқиб юборувчи АҚШ фуқароларини жазолашни таклиф қилди. У бу ҳақда твиттерда ёзди.

"Ҳеч кимга АҚШ байроғини ёқишга рухсат бериш керак эмас. Агар кимдир буни қилса, унда бунинг оқибатларини ҳис қилиши керак. Эҳтимол, фуқароликдан маҳрум қилиш ёки бир йиллик қамоқ жазоси", деб ёзди миллиардер.

АҚШда байроқни таҳқирлаганлик учун расман жавобгарлик чораси йўқ, чунки бундай қилмиш учун жазолашни АҚШ конституциясига биринчи тузатма тақиқлайди. Бироқ фуқаро агар бошқа бировнинг мулки бўлган байроқни йўқ қилса, жавобгарликка тортилиши мумкин. Унда бундай одам суд қарорига кўра, байроқнинг нархига тенг жарима тўлаб бериши шарт.

Бироқ республикачилар давлат рамзини таҳқирлаганлик учун мажбурий жавобгарликни қайтаришни талаб қилмоқдалар.

 

Top