23:47 / 10.12.2016
12387

Стокгольмда Нобель мукофоти ўз эгаларига топширилди

Бугун, 10 декабрь куни Стокгольм шаҳарида тиббиёт ёки физиология, физика, кимё, шунингдек, иқтисод соҳасидаги кашфиётлар учун 2016 йилги Нобель мукофотлари ўз эгаларига топширилди. Бу ҳақда Нобель фондининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Швеция қироли Карл XVI Густав қўлидан диплом ва медалларни япониялик профессор Ёсинори Осуми, (физиология ва тиббиёт); 3 физик — Дэвид Таулесс, Данкан Ҳолдейн ва Майкл Костерлиц; химия бўйича лауреатлар — Жан-Пьер Саваж, Фрейзер Стоддарт ва Бернард Феринг, шунингдек иқтисодиёт йўналишида Оливер Харт ва Бенгт Хольмстрёмга (Швециянинг Давлат банки томонидан таъсис қилинган мукофот) топширилди.

Адабиёт бўйича Нобель мукофоти эгаси Боб Дилан Стокгольмга кела олмади. Америкалик рок ижрочиси Боб Дилан мукофотни топшириш маросими учун нутқ тайёрлади ва уни мукофот ташкилотчиларига тақдим этди. Ушбу нутқда Дилан бундай мукофотга лойиқ кўрилгани учун миннатдорлик сўзларини изҳор қилган. Боб Дилан «Америка қўшиқчилик анъанаси доирасида янги поэтик ибораларни яратгани учун» мукофотга лойиқ деб топилган эди. 

Унинг ўрнига америкалик бошқа бир рок-ижрочиси Патти Смит маросимда ҳозир бўлди. У Диланнинг A Hard Rain's A-Gonna Fall қўшиғини ижро этиб берди.

Бундан олдинроқ Норвегия пойтахти Осло шаҳрида Колумбия президенти Хуан Мануэль Сантосга тинчлик йўналишидаги Нобел топширилганди.

2016 йилда мукофотнинг пул қиймати 8 миллион швед кронасига (932 минг доллар) тенг бўлди.

Стокгольмдаги Катта Концерт залида ташкил қилинган маросимга 1500 меҳмон — лауреатларнинг оила аъзолари, швециялик сиёсатчилар, маданият вакиллари, олимлар ва талабалар келган. Маросим SVT телеканали томонидан эфирга узатилган.

Маросимнинг бир қисми Стокгольм ратушасидаги Ҳаворанг залда давом эттирилади. Бу ерда зиёфат ташкил қилинган. Зиёфатдан кейин анъанавий балл ташкил қилинади.

Top