12:31 / 14.12.2016
4620

Нью-Йорк ҳокими 13 декабрни Пан Ги Мун куни деб эълон қилди

Нью-Йорк ҳокими Билл де Блазио 13 декабрни БМТ бош котиби Пан Ги Мун куни деб эълон қилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати ўз раҳбарининг шаҳар мэри билан сешанба кунги учрашувидан сўнг хабар берган.

"Бош котиб ҳокимга 13 декабрь БМТ бош котиби Пан Ги Мун куни деб эълон қилингани муносабати билан миннатдорчилик билдирди. Унинг таъкидлашича, бу катта шарафдир", - дейилади хабарда. Икки ярим ҳафтадан сўнг ўз лавозимини тарк этадиган Пан Ги Мун Нью-Йорк ҳукумати ва аҳолисига ташкилот қароргоҳи ва унинг ходимларини жойлаштирганликда кўрсатган меҳмондўстлиги учун ҳам миннатдорчилик изҳор этди.

Нью-Йорк ҳокимияти ўтган ҳафта шаҳарда БМТ қароргоҳини жойлаштириш 8 минг янги иш ўрнини яратишга ёрдам бергани ҳамда мегаполис ғазнасига 3,7 миллиард доллар даромад олиб келгани ҳақидаги ҳисоботни тақдим этди.

Маълумот учун, Пан Ги Мун БМТга 2007 йилдан бери бошчилик қилмоқда (беш йиллик икки муддат). Октябрда эса Бош ассамблея Португалия собиқ бош вазири Антониу Гутерришни кейинги бош котиб этиб тайинлади. У душанба куни қасамёд қабул қилди ҳамда 1 январдан ўз вазифаларини бажаришга киришади.
 

Top