19:31 / 23.12.2016
39889

Россия президенти Россия элчисининг ўлдирилиши ортида кимлар турган бўлиши мумкинлигини айтди

Фото: ТАСС

Сурияда Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилиши ва Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карловнинг ўлдирилиши ортида Россия-Туркия муносабатларига зиён етказмоқчи бўлганлар турган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин катта матбуот-анжуманида айтиб ўтди.  

"Яқинда юз берган фожиа, Россия элчисининг ўлдирилиши, бу албатта Россияга, Россия-Туркия муносабатларига тажовуз қилишдир. Шубҳасиз", деб айтди Путин.

"Очиқчасига айтаман, мен бизнинг самолёт Туркия раҳбариятининг буйруғисиз, Россия-Туркия муносабатларига зиён етказмоқчи бўлганлар томонидан уриб туширилгани ҳақидаги тезисга шубҳа билан қараганман. Бироқ ҳозир, элчимизга махсус кучлар ходими томонидан амалга оширилган ҳужумдан кейин бу фикримни ўзгартирмоқдаман. Менга барча нарсанинг иложи бордек ва давлат тузилмаларига, шу жумладан, ҳуқуқ-тартибот муассасаларига, Туркия армиясига бузғунчи унсурларнинг кириши мумкиндек туюлмоқда", деб фикрларини давом эттирди Путин.  

"Мен ҳозир кимгадир ишора қилишга, кимнидир айблашга ҳақлиман деб ўйламайман, бироқ бу факт, бу юз бермоқда. Бу Россия-Туркия муносабатларига халақит бермайдими? Йўқ, халақит бермайди. Чунки биз Россия-Туркия муносабатлари муҳимлигини, унинг аҳамиятини тушунамиз ва уларни ҳар қанақасига ривожлантиришга интиламиз", деб таъкидлаб ўтди Россия президенти. 

"Биз охирги йилда, муносабатлар яхшилангандан кейин муросаларни топишга муваффақ бўлганмиз. Умид қиламанки, бу муросараларни келгусида ҳам топа оламиз", деб бу борадаги фикрларини интиҳолади Путин.

Top