11:47 / 30.01.2017
7809

АҚШ продюсерлар гильдияси мукофотлари топширилди: «Ла-Ла Ленд», Эмма Стоун ва Дензел Вашингтон совриндорлар қаторида

Лос-Анжелесда АҚШ продюсерлар гильдиясининг актёрлик маҳорати учун таъсис этган SAG Awards мукофотлари эгаларига топширилди.

«Оскар» мукофотига 14 йўналиш бўйича даъвогарлик қилаётган «Ла-Ла Ленд» мюзикли гильдиянинг бош мукофотини қўлга киритди. 

Мюзиклдан ташқари, бош мукофот учун «Денгиз бўйидаги Манчестер», «Ой шуъласи», «Шер», «Яширин шакллар», «Ташриф», «Дэдпул», «Тўсиқлар», «Виждон амрига кўра» ва «Исталган йўл билан» фильмлари даъвогарлик қилганди.

Бунгача «Оскар» номинациялари сони бўйича «Титаник» фильми рекордини такрорлаган бу мюзикл бир неча йўналишда «Олтин глобус» мукофоти билан ҳам тақдирланган эди.

Энг яхши актёр сифатида Дензел Вашингтон «Тўсиқлар» фильмидаги ижроси учун тақдирланди. У шу вақтгача бу мукофот учун 5 марта номзод бўлганди ва олтинчи уриниш муваффақиятли чиқди.

«Ла-Ла Ленд» мюзиклида бош рол ижрочиси Эмма Стоунга энг яхши актриса учун мукофот топширилди.

Иккинчи пландаги энг яхши эркак роли учун мукофот Махершала Алига («Ой шуъласи») берилди, иккинчи пландаги энг яхши актриса Виола Дэвис («Тўсиқлар») бўлди. 

Энг яхши актёрлар жамоаси учун мукофотга «Яширин шакллар» картинаси (Тараджи Хенсон, Октавия Спенсер ва Жанель Моне каби актёрлар) муносиб кўрилди.

Screen Actor Guild Awards ва SAG Awards каби номларда аталадиган бу мукофот 1995 йилдан буён топшириб келинади ва жаҳон киносидаги энг нуфузли мукофотлар сирасига киради. Ғолибларга актёрнинг 16 сантиметрлик бронза ҳайкали берилади.

Top