23:11 / 07.02.2017
12437

2016 йил Ўзбекистонда 255,9 километр узунликдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинди

2017 йилнинг 5 февраль куни “Ўзавтойўл” компанияси бошқарувининг 2016 йил якунлари бўйича кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда компания тизимидаги ҳудудий бўлинмалар, таркибий корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Мажлисни бошқарув раиси А.Абдувалиев олиб борди.

Йиғилишда ўтган йил натижалари танқидий таҳлил асосида кўриб чиқилди. Унда таъкидланганидек, 2016 йил давомида умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларида тизим корхоналари томонидан жами 1,3 трлн. сўмдан зиёд маблағ ўзлаштирилгани ҳолда йўл қурилиш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари бажарилди.

Жумладан:

- Инвестиция дастурига мувофиқ 2016 йилда 176,3 км узунликдаги умумий фойдаланувда бўлган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари белгиланган эди. Тузилган шартнома ва тасдиқланган режага мувофиқ йил якунлари бўйича амалда 255,9 км узунликдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинди, яъни 428,8 млрд. сўмга тенг йўл ишлари бажарилди;

- ҳисобот даврида халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ҳамда шаҳар кўчаларида “Ўзавтойўл” компанияси тизимидаги корхона ва ташкилотлари томонидан йўлларни мукаммал таъмирлашда 83,2 млрд. сўмлик ишлар амалга оширилиб, 94,4 км узунликдаги умумий фойдаланувдаги автомобиль йўллари тўла таъмирланди;

- 42654 км узунликдаги, шу жумладан, Ўзбек Миллий автомагистрали таркибига кирувчи умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлаш ишлари бўйича 2016 йилда 632,0 млрд. сўмлик маблағлар ўзлаштирилди; 


- компания корхона ва ташкилотлари томонидан намунали уй-жой массивларига кириш йўллари, ички хўжалик йўллари ва шаҳар кўчаларини қуриш ва таъмирлаш ишлари бўйича жами 163,8 млрд. сўмлик ишлар амалга оширилди.

Ўтган давр мобайнида тизим корхона ва ташкилотларида 237 та янги иш ўринлари яратилди.

Таъкидланганидек, ўтган йил давомида ва жорий йилнинг шу даврига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан “Ўзавтойўл” компаниясига жами 98 та мурожаат келиб тушган. Йиғилишда ҳар бир раҳбардан белгиланган муддатдан кечиктирмасдан, ўз вақтида мурожаат муаллифи иштирокида кўтарилган масалани имкон қадар ижобий ҳал этиш ва амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, мурожаатда кўтарилган масалани тезкор равишда ҳал этиш чораларини кўриш талаб этилиши, ушбу масалага шахсан биринчи раҳбарлар масъул эканлиги алоҳида таъкидланди.

Top