00:07 / 09.02.2017
9469

Андижонда “Баркамол авлод -2017” мусобақаларига тайёргарлик бўйича йиғилиш бўлиб ўтди

Андижонда спорт турларини ривожлантириш ҳамда “Баркамол авлод -2017” мусобақаларига тайёргарлик бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов хабар бермоқда. 

Андижон вилоятида 45 ортиқ спорт федерацияси фаолият юритаётган бўлиб, уларда мунтазам шуғулланувчилар сони 241 минг нафардан зиёдни, шундан 105 минг нафари эса қизларни ташкил этади. Вилоят вакиллари 2016 йил давомида республика ва халқаро спорт мусобақаларида 2468 та медалларни кўлга киритди.

Олимпия захиралари коллежида бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов спорт турларини ривожлантириш, федерациялар фаолиятини янада жонлантириш тўғрисида маъруза қилиб, спортнинг енгил атлетика, велоспорт, сувга сакраш, баскетбол ва волейбол турларини такомиллаштириш бўйича аниқ режалар асосида иш олиб бориш лозимлигига тўҳталиб ўтди.

Сўнг вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Абдурашид Мамиров шу йил Жиззах шаҳрида бўлиб ўтадиган “Баркамол авлод - 2017” спорт мусобақаларига олиб борилаётган тайёргарлик ишлари бўйича ахборот берди.

Вилоятдаги 129 та ўрта махсус таълим муассасаларида спортнинг 17 тури бўйича ички мусобақалар ташкил этилди. Унда 57 минг 405 нафар ўқувчи ёшлар иштирок этдилар. Ўтказилган турнирлар натижаларига кўра 177 нафар спортчи ёшлар “Баркамол авлод -2017” мусобақларида қатнашиш учун саралаб олинди. Ушбу спортчилар бугунги кунда Андижон олимпия захиралари коллежида асосий тайёргарлик машғулотларини олиб боришмоқда. 

Вилоят ҳокими бўлажак мусобақаларда юқори ўринларни эгаллаш учун спортчи ёшларга барча шарт-шароитларни яратиб бериш борасида аниқ кўрсатмалар берди.

Top