16:40 / 20.02.2017
32931

Болаларга чет тилини ўргатишнинг дунёда қўлланилмаган усули Ўзбекистонда кашф этилди

2012 йил 10 декабрда Ўзбекистон Президентининг ПҚ-1875 сонли “Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қатор ҳайрли тадбирлар қаторида инглиз тилини самарали ўрганишга мўлжалланган «Етти эртак» кашфиёт деб аташга арзигулик лойиҳаси «Ниҳол» нашриёти томонидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Хорижий филология факультети билан ҳамкорликда амалга оширилди. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан умидли деб топилди. Ушбу лойиҳа меваси бўлган ҳафтанинг ҳар бир куни учун бир мўъжазгина эртакни ҳам ўзбек, рус ва инглиз тилидаги вариантларини ўқиш, ҳар уч тилда маҳоратли актёрлар томонидан овозлаштирилган вариантларини тинглаш имконини беради. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Университети Хорижий филология факультети декани Ирода Жураева маълум қилмоқда.

Бу эртакларнинг аудио варианти лойиҳанинг дастлабки босқичида дискда жамланган бўлиб, болаларга бу китоб ҳар кун чет тилида биттадан эртак ўқиб, ундаги ҳар бир сўз, жумлани тинглаш, уларни ўз она тилисидаги вариант билан солиштириш, чет тилида талаффуз қилишни ўрганиш, умуман чет тилининг барча кўникмаларига бутунлай мослашиш имкониятини беради. Лойиҳанинг кейинги босқичларида китобнинг аудиосини тинглаш учун мўлжалланган сўзловчи электрон ручка қурилмаси билан таъминланиши кўзда тутилмоқда, бу борада Хитойда тегишли ташкилот билан келишувлар амалга оширилди. Ғоя муаллифи Тўлқин Нурмуҳаммад болаларнинг чет тилини тез ва пухта ўрганишлари учун мазкур ғояни илгари суриб, эртакларнинг инглиз тилига ўқув ва методик жиҳатдан самарали таржима қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Стипендияси ва “Ўзбекистон Белгиси” кўкрак нишони совриндори бўлган Ҳафиза Алланазаровани жалб этди.

Бу лойиҳа жуда кўп хусусиятлари билан дунёда биринчи марта амалга оширилган ҳисобланади:

1. Лойиҳада сеҳргарлик, болалар онгига ижобий таъсир кўрсатмайдиган севги муҳаббат ва бошқа қатор мавзулардан йироқ эртак қаҳрамонларининг хатоларидан хулоса чиқариш, яхши хислатларидан ўрнак олишни болалар онгига сингдирувчи эртаклар ўрин олган.

2. Ҳар ҳафталик эртаклар туркуми қайсидир халқ эртакларини ўз ичига олади, бу эса болаларимизга турли миллатларга бағрикенг бўлиб ўсишида ёрдам беради.

3. Кунига 3 тилда биттадан мўжаз ва аҳлоқий ривожланишга ижобий таъсир кўрсатадиган эртакларни тинглаш ва ўқиш бу тилларга кунига узлуксиз кўникма ва билимларга эга бўлиш, ижобий мавзудаги эртаклар болаларимизнинг онгида аҳлоқни бузувчи ҳар хил ёт ғояларга қарши кунлик иммунитет билан ўсишига имкон беради. Китобнинг ҳар саҳифасида ёд олиш учун луғат сўзлари ҳам мавжуд.

4. Баъзи ўқишни хуш кўрмайдиган болаларимизни эртакни ўқишга илҳомлантириш ва эртак воқеаларига қизиқтириш мақсадида ҳар бир кунлик эртак саҳифасида бўяш учун ажратилган расмлар ҳам берилган.

5. Аудио диск туфайли китоб кунлик ташвишлар билан овора ва фарзандларига эртак ўқиб бериш учун ҳар куни вақт топа олмайдиган ота-оналар туфайли юзага келадиган бўшлиқни тўлдириб боради.

6. Лойиҳанинг кейинги босқичида кўзда тутилган электрон ручка ҳали чет тилларини болаларга ўргатишда бу каби тарбиявий эртаклар учун ҳали қўлланилмаган.

Top