21:21 / 23.02.2017
19503

Пойтахт фуқароси йўлсозлардан автомобилига етказилган зарарни ундирмоқчи: бунинг учун нима қилиш керак?

Тошкент шаҳридаги мавзелар оралиқларидаги кўчалар аҳволини қўя турайлик, серқатнов йўллардаги чуқурлардан минглаб ҳайдовчилар азият чекаётгани бор гап. Бироқ, уларнинг барчаси ё аламини ичига ютиш ёхуд овозини борича бўралаб сўкиш билан чекланиб қолишмоқда. Йўлсозларга нисбатан бирор чорага ҳеч ким ботина олмайди. Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Юрий эса, аксинча, автомобилига етказилган зарарни ундириш мақсадида охиригача курашишга аҳд қилди. У суратлар ва нима бўлганига оид матнни ўз саҳифасида жойлаштирди. Подробно.уз шу масалага диққатини қаратган.

"Воқеа кечга яқин содир бўлди. Йўлнинг чап йўлаги бўйлаб уйга кетаётгандим. Қаерда дейсизми? Юнусобод кўприги узра. Бу кўприкда эрталаб ва кундузи бирор жиддий иш олиб борилмаётган эди, чамамда. Кутилмаганда зарба ва кўзимдан ўт чақнаб кетди. Чап томондан фшшшшш овози эшитилди. Натижани суратда кўришингиз мумкин. Аслида бу сурат матн мақсадига жавоб беради. ДАН ходимларини чақирдим. Улар ЙТҲни рўйхатга олишди. Йўлсозларни жазолаймиз", – деб ёзган Юрий. Подробно.уз агентлиги бунга эътибор қаратган. 

Унинг сўзларига кўра, албатта, захира ғилдирагини қўйиб, тинчгина уйга кетавериш осон ва кейинчалик атиги 20 минг сўм тўлаб дискни тўғирлатиб олиш мумкин эди. 

"Шунчаки, синаб кўргим келди. Serj Ikramov’дан узр сўрайман кеч вақт безовта қилганим учун. Шу билан бирга экспертизагача боришда (ДАН ходимлари ўз машинасида боришни исташмади) ва захира балонини алмаштиришда ёрдам бергани учун раҳмат айтаман. Мақсадим - амортизаторлар, қалпоқча, диск ва развални алмаштириш. Судни кутяпман", - деб ёзади Юрий. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тажрибасида бу каби мурожаат кузатилмаган. 
«Йўлдаги чуқурчага автомобилингиз билан дуч келиб қолсангиз ким айбдор?» деган саволга йўл ташкилоти ёки судда жавоб олишингиз мумкин. Аслида ҳам қонунчиликда етказилган зарарни тўлаш қоидаси мавжуд. Бироқ, бунинг учун барчасини қонунан тўғри бажариш керак. Демак, диққат қиламиз. 

Биринчидан, йўлларда чуқурчага тушган вақтда тўхтаб, ҳалоқат чироғини ёқиш ва ҳалокат белгисини бошқа автомобиллар ҳайдовчиларини огоҳлантириш мақсадида машинадан 10-15 метр узоқликка ўрнатиш зарур. 

Иккинчидан, ЙТҲ гувоҳларининг исм-шарифлари, телефон рақамлари, манзилларини ёзиб олиш керак. 

Учинчидан, шаҳар, туман йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига қўнғироқ қилиниб, ЙТҲни рўйхатга олиш учун ходимларни юбориш сўралади. Бунда қўнғироқни қабул қилган ходим лавозими ва исми-шарифи сўралади. Юрий билан бўлганидек, ДАН ходимлари етиб келиши мумкин. Бироқ, сизга ходимларни юборишни рад этишлари ҳамда мустақил равишда ДАН бўлимига бориб, ЙТҲни рўйхатдан ўтказиш сўралиши ҳам мумкин. Бу ҳолда шундай қилиш мақсадга мувофиқ. 

Тўртинчидан, ЙҲХБга боришдан аввал, ЙТҲ чизмаси чизилади. Чизмада йўл атрофи ва чуқурликнинг ўлчами (узунлиги, кенглиги, чуқурлиги) акс этиши керак. Имкон бўлса, суратга олиш ва бунда чуқурчага бирор нарсани тик жойлаштириб суратга олиш лозим. Бу йўл қопламасига етказилган зарар ҳажмини аниқлашга ёрдам беради. Чуқурчага қўйилган нарсани йўқотмаслик зарур, чизмага гувоҳлардан бири билан имзо қўйилади. 

Бешинчидан, ЙТҲни ЙҲХБда рўйхатдан ўтказгач, ЙТҲ ҳақидаги маълумотномада сизнинг қоидабузарликка йўл қўйганингиз ҳақида эслатма йўқлигига ишонч ҳосил қилинг. Агар, ДАН ходимлари томонидан шунга йўл қўйилган бўлса, ЙҲХБ раҳбарига 1) унга нисбатан Қоидани бузганлик бўйича хулосани бекор қилиш; 2) ариза бўйича белгиланган муддатда ёзма жавоб бериш; 3) йўлнинг ушбу қисмига масъул йўл хизматларига нисбатан хулоса бериш; 4) ҳамда ушбу йўл қисми учун жавобгар шахслар ҳақида маълум қилишни сўраб ариза беришингиз мумкин.

Олтинчидан, ЙТҲ рўй берган йўл қисмига масъул бўлган йўл хўжалиги ва хизматига бориб етказилган зарарни баҳолатинг.

Еттинчидан, ЙТҲга учраган йўл қисмига масъул ташкилот раҳбарига «Етказилган зарарни судгача қоплаш» номи билан талабнома киритиш. Унда содир бўлган воқеани батафсил маълум қилиш, асосийси етказилган зарар – шина баҳоси, шиномонтаж ишлари, зарар етказилган дискларни таъмирлаш қиймати асосланган ҳолда кўрсатилиши керак. Асосли харажатлардан ташқари, «тасдиқланмаган харажатлар» - масалан, захира балонларини ЙТҲ жойига олиб келиш кабиларни киритиш ҳам мумкин. 

Шу билан бирга, даъво аризасида ташкилот зарарни қоплашдан бош тортса ва иш судгача етиб борса, ташкилот кўпроқ харажат қилишига тўғри келиши мумкинлигини эслатиб қўйиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. 

Мисол учун, жабрланувчи ёллаган адвокат харажатлари, жабрланувчининг судда бўлиши вақтида иш ҳақидан маҳрум бўлиши кабилар шулар жумласидан. 
Шундан сўнг, даъво аризасида талаб қилинаётган товон пулини ҳисоб рақамига ёки нақд кўринишда бериш сўралади. Ариза сўнггида, қонунда белгиланган тартибда (бу каби мурожаатлар беш иш кунида кўриб чиқилиши керак) ёзма жавоб бериш талаб этилади. Жавоб берилмаган ёки талабингиз рад этилган тақдирда судга мурожаат қилишингизга тўғри келади. 

Top