00:32 / 27.02.2017
10479

«Манчестер Юнайтед» бешинчи марта Лига кубогида зафар қучди

Англия Лига кубогининг финал учрашуви бўлиб ўтди. «Уэмбли»да бўлиб ўтган учрашувда «Манчестер Юнайтед» ва «Саутҳемптон» жамоалари бош соврин учун кураш олиб боришди.

Учрашув аввалида Маноло Габбьядини ҳисобни очганди. Бироқ ҳакам офсайд қайд этиб «тоза» голни ҳисобга олмади. Шундан сўнг Златан Ибраҳимович ва Жесси Лингард томонидан киритилган голлар «МЮ»ни 2:0 ҳисобидаги олдинга олиб чиққанди. Аммо Маноло Габбьядини барибир ўз номини таблога ёздириб қўйди. Биринчи бўлим сўнггида ва иккинчи бўлим бошида италиялик ҳужумчи томонидан киритилган голлар мувозанатни тиклади. Лекин бу ҳам ғалаба учун етарли бўлмади. Асосий вақт тугашига 3-дақиқа қолганида Златан Ибраҳимович ғалаба тўпини киритиб, «Юнайтед»га бош совринни келтирди.

Ушбу ғалаба «МЮ»нинг Лига кубогидаги 5-ғалабаси бўлди. Жамоа бу борада «Челси» ва «Астон Вилла»га етиб олди. Ҳозирча бу совринни энг кўп қўлга киритган жамоа «Ливерпуль» бўлиб турибди. Мерсисайдликлар ҳисобида 8та бош соврин мавжуд.

Англия лига кубоги

Финал

Манчестер Юнайтед – Саутҳемптон 3:2 (2:1)

Голлар: Ибраҳимович (19, 87), Лингард (38) – Габбьядини (45+1, 48).
Манчестер Юнайтед: Де Хеа, Смоллинг, Байи, Рохо, Валенсия, Лингард (Рэшфорд, 77), Погба, Эррера, Мата (Кэррик, 46), Марсьяль (Феллайни, 90), Ибраҳимович.
Саутҳемптон: Форстер, Стивенс, Бертран, Соареш, Йосида, Редмонд, Уорд-Проуз, Тадич (Буфаль, 77), Дэвис (Родригес, 90), Габбьядини (Лонг, 83), Ромеу.
Огоҳлантиришлар: Ромеу (18), Эррера (24), Стивенс (40), Лингард (41), Редмонд (56).

Top