Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Қирғизистон миграция давлат хизмати раиси Медетбек Айдаралиев билан учрашувда хорижда ишловчи қирғизистонликлар давлат кўмагини ҳис қилишлари кераклигини айтди.
Таъкидланишича, учрашув вақтида Айдаралиев хорижда ишлаётган қирғизистонликларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишнинг янги йўналишлари ҳақида сўзлаб берган. Гап биринчи навбатда Евросиё иқтисодий иттифоқида ишловчи қирғизистонликларни қўллаб-қувватлаш ҳақида бормоқда.
Атамбаев хорижда ишловчи қирғизистонликлар ўзларининг ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларини ҳал қилишда давлат кўмагини ҳис қилишлари ҳамда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билишлари кераклигини айтди. У қирғиз муҳожирларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича барча комплекс чора-тадбирлар фаоллаштирилиши зарурлигини таъкидлаб ўтди.