Спорт | 16:31 / 01.04.2017
14261
7 дақиқада ўқилади

Классика ва дербилар ҳафтаси. Уик-энднинг фантастик олтита учрашуви ҳақида

Германияда Рур, Англияда Ливерпуль дербиси, Португалия чемпионни аниқлаб берадиган йил учрашуви, Францияда икки гигантнинг дастлабки соврин учун кураши. Бир сўз билан айтганда апрелнинг дастлабки уик-энди ажойиб учрашувларга бой ўтиши кутилмоқда. Tribuna.Uz бешта учрашувга батафсил тўхталиб ўтади.

«Ливерпуль» - «Эвертон» (1 апрель, 16:30, UzReport, Матч! Футбол 1)
228-марта ўтказилаётган дербида сўнгги йилларда бир жамоанинг яққол устунлиги кўзга ташланмоқда. «Ливерпуль» сўнгги 20та дербининг фақат биттасида «Эвертон»га имкониятни бой берган. 10та учрашувда ғалаба қозонган. 9та дуранг қайд этилган.

Йўқотишлар
«Ливерпуль» таркибида Жордан Ҳендерсон, Адам Лаллана қа Дэниел Старриж иштирок эта олишмайди. Узоқ йўл босиб келган Филиппе Коутиньо ва Роберто Фирминонинг майдонга тушиши ҳам сўроқ остида қолмоқда.
«Эвертон»да даҳшатли жароҳат олган Шеймус Коулмэндан ташқари Морган Шнайдерлин, Рамиро Фунес Мори ва Жеймс Маккартилар бу учрашувда жамоасига ёрдам бера олмайди. 

«Бенфика» - «Порту» (2 апрелга ўтар кечаси, 00:30)
Агар бундан бир-икки ой муқаддам Португалия чемпионатида жадвалига эътибор қаратганингизда «Бенфика»нинг чемпион бўлиши аниқдек кўриниши мумкин эди. Аммо примейра якунига етиши арафасида «Порту» фантастик даврни ўтказди ва эндиликда иккала жамоа ўртасидаги фарқи 1 очкони ташкил қилмоқда. Лиссабонда кечадиган учрашув шубҳасиз чемпион номини аниқлаб берадиган учрашув бўлади. Бир сўз билан айтганда апрелнинг дастлабки уик-эндида Португалияда йил учрашуви бўлиб ўтади.

Иккала жамоа ҳам чемпионатнинг сўнгги турида очко йўқотишди. Бунгача бўлган 4та учрашувда ғалаба қозонишганди. ЕЧЛ 1/8 финалида мусобақа билан хайрлашган жамоалар олдида фақатгина чемпионлик учун кураш қолмоқда.

Факт
Лиссабонда ўтган сўнгги икки учрашувдан буён «Порту» мағлубиятга учрамаяпти. Умуман олганда сўнгги тўртта учрашувдан буён «Бенфика» асосий рақибини мағлубиятга учрата олмаяпти.

«Шальке 04» - «Боруссия» Д (1 апрель, 18:30, Матч! Футбол 3)
Дербиларга бой ҳафтанинг яна бир тарихий қарама-қаршликларидан бири бундеслига доирасида бўлиб ўтади. Рур дербиси ўз тарихида 150-марта ўтказилмоқда. Бундеслига доирасида эса бу 90-қарама-қаршилик бўлиб тарихга киради.

Гельзенкирхенда кечган сўнгги олти учрашувнинг фақат иккитасида «Шальке» ғалаба қозона олган. Умуман бу дербининг энг кўп қайд этиладиган  натижаси дуранг бўлиб келмоқда. Сўнгги икки учрашувда Дортмундда ҳам «Шальке» уйида ҳам ғолиб аниқланмай қолган.

Йўқотишлар
«Боруссия» таркибида Марко Ройс ва Марио Гётце узоқ вақтга сафдан чиққан. «Шальке» таркибида эса барча кутилган футболчилар асосий таркибда майдонга тушиши кутилмоқда.

«Арсенал» - «Манчестер Сити» (2 апрель, 20:00, UzReport, Матч ТВ, Матч! Футбол 1)
Турнинг марказий учрашуви билан 30-турга якун ясалади. Сўнгги ҳафталарда мухлисларнинг кескин норозилигига сабаб бўлаётган Арсен Венгер жамоаси узоқ йиллик танаффусдан кейин илк марта ЕЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолиш хавфи остида турибди. Буни олдини олиш учун жамоа яна бир мавсумни бир текисда ўтказа олмаётган грандлардан бири «Манчестер Сити»ни мағлуб этиши керак бўлади.

Жамоаларнинг Манчестердаги биринчи давра учрашувида Гвардиола шогирдлари ғалаба қозонган. Бунгача манчестерликлар барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда етти учрашувда ғалаба қозона олишмаганди. «Манчестер Сити» сўнгги марта «Эмирейтс» 4 йил муқаддам, 2013 йилнинг январида ғалаба қозонганди.

Йўқотишлар
«Арсенал» таркибида дарвозабон Петр Чех, ҳужумчи Лукас Переслар жароҳати сабаб майдонга туша олмайди. Санти Касорланинг бу мавсумда бошқа майдонга туша олмаслиги анча олдин аниқ бўлиб улгурганди.
«Манчестер Сити» таркибида эса эски муаммо Габриэл Жезус ва Илкай Гўндўғаннинг жароҳати бор. Пабло Сабалета, Раҳим Стерлинг ва Кевин де Брюйненинг ҳолати яхши эканини Гвардиола таъкидлаган бўлсада, уларнинг асосий таркибда майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда.

«ПСЖ» - «Монако» (1 апрель, 23:55)
Бу ҳафтада чемпионат ўйинлариданда марказий учрашув бор. Яъни бу ҳафтада Франция Лига кубоги финали бўлиб ўтади. Чемпионлик учун кураш олиб бораётган икки жамоа Лига кубогини ҳам қўлга киритишини аниқлаб беришади.

Икки жамоа ўртасидаги сўнгги уч учрашувдан буён «ПСЖ» ғалаба қозона олмаяпти. Аммо иккала жамоанинг кубоклардаги сўнгги уч тўқнашувига эътибор қаратадиган бўлсак, уч учрашувда ҳам парижликларнинг қўли баланд келганини кўришимиз мумкин. 2008 йилда бўлиб ўтган Лига кубоги учрашувида «ПСЖ» «Монако»дан кичик ҳисобда устун келган . Бу икки жамоанинг Лига кубогидаги ҳозиргача бўлган ягона тўқнашуви ҳисобланади.

Йўқотишлар
«Монако» финал олдидан жиддий йўқотишларга учраган. Жамоанинг асосий ҳужумчиси Радамель Фалькао бу учрашувда иштирок эта олмайди. Шунингдек ўнг қанот ҳимоячиси Жибрил Сидибе ҳам жароҳати сабаб муҳим учрашувни ўтказиб юборишига тўғри келади. Фабиньонинг майдонга тушиши ҳам сўроқ остида қолмоқда.

Парижликлар таркибида Маркиньос ва Блез Матюидининг майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Шунингдек, Бельгия терма жамоаси таркибида сўнгги учрашувларни ўтказиб юборган Томас Меньенинг ҳолати ҳам ноаниқ бўлиб қолмоқда.

«Наполи» - «Ювентус» (2 апрель, 23:45, Sport, Матч! Футбол 2)

Италия чемпионатининг яна бир класико жанридаги учрашувларидан бири бу ҳафтада Неаполда бўлиб ўтиши кутилмоқда. «Наполи» А серияда «Ювентус»ни қувиб етиши деярли имконсиз бўлиб қолган, аммо ЕЧЛга тўғридан-тўғри йўлланма берадиган 2-ўрин учун бу учрашувда ғалаба қозониши жуда муҳим.

Иккала жамоанинг сўнгги уч учрашувидан буён фақат «Ювентус»нинг қўли баланд келмоқда. Неаполда бўлиб ўтган сўнгги уч учрашувнинг иккитасида «Наполи»нинг қўли баланд келган. Жамоалар бу мавсумда яна бир бор учрашади. Италия Кубоги ярим финали доирасидаги жавоб учрашувида «Наполи» мезбонлик қиладиган учрашувда мезбонлар 1:3 ҳисобидаги мағлубиятни йўққа чиқаришга ҳаракат қилиб кўради.

Мавзуга оид