21:04 / 04.04.2017
19792

Австралияга заҳарли илонлар, чаёнлар ва ўргимчаклар жойланган қутилар йўлланди

Апрель ойи бошида "икки жуфт пойабзал" ёзуви туширилган жўнатма Австралия божхона хизматида шубҳа уйғотди. Чегарачилар қутини рентген текширувидан ўтказишди ва унинг ичида бир неча заҳарли илон, ўргимчак ва чаёнлар борлигини аниқлашди. Бу ҳақида International Business Times нашри хабар берди

Жўнатма ичида жониворлар жойланган кичик контейнерлар бўлган. Контейнерлар ичида эса уч қироллик питони, икки оддий сувилон, олти маъбад куфийси, икки Колумбия гигант-тарантуласи, беш брахипельм смит тарантуласи, икки Бразилия пушти қушхўри ва тўрт Осиё ўрмон чаёни бўлган.

Барча жониворлар топилиши биланоқ Биологик хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан хавфсизлантирилган, лекин баъзи ўргимчаклар ташиш вақтидаёқ нобуд бўлгани аниқланди. 

Жўнатмани айнан ким йўллагани номаълум, унинг Австралияга Шимолий Европадан етказилганигина маълум. Қутидаги баъзи жонивор турлари фақат экзотик ҳудудларда яшайди. Воқеани ўрганиш ишлари давом этмоқда. 

Австралияда бошқа жойларга нисбатан кўпроқ заҳарли илонлар бўлишига қарамай, Қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари вазирлиги вакили мамлакатда чегара орқали олиб ўтилувчи ҳар қандай жониворга масъулият билан ёндашилишини маълум қилди. 

"Жониворларни севувчи, лекин судралиб юрувчилар ва ўргимчакларни қутиларга жойлаб, почта орқали йўлловчи кимсалар уларнинг тақдири ёки Австралия учун оқибатлари ҳақида ўйлашмайди", - деди Австралия Қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари вазирлиги вакили.

Top