20:23 / 12.04.2017
6205

Исталган чироқ устунини электромобилларни қувватлаш мосламасига айлантирувчи қурилма яратилди

Бугунги кунда электромобилни ҳеч қандай муаммосиз харид қилиш мумкин, чунки турли компаниялардан бундай машиналар учун таклифлар бисёр. Бироқ бошқа масала шундаки, бу машиналарни қаерда қувватлаш мумкин? Ҳаммада ҳам махсус розеткали гараж йўқ, машина қўйиш жойлари, уйлар олдидаги йўлаклар эса электромобиллар учун қувватлаш станцияси билан жиҳозланмаган. Бу муаммони Char.gy компанияси муҳандислари ҳал қилишга бел боғладилар. Улар оддий чироқ устунини машинани қувватлаш мосламасига айлантиришга имкон берадиган махсус қурилма яратишди.    

Бу ғоя шуниси билан яхшики, шаҳарнинг мавжуд қиёфасига глобал ўзгаришлар киритишни талаб қилмайди, чунки бирор жойни Char.gy қувватлаш мосламаси билан жиҳозлаш учун уни устунга улаш кифоя қилади.  

Қурилма яратувчиларининг айтишича, автомобилни тез ва муаммосиз қувватлаш имонияти йўқлиги сабабли кўпчилик электромобилларни харид қилишни рад этади. Шунинг учун янги қувватлаш мосламаси транспортнинг экологик хавфсизроқ турларига ўтишга кўмак беради.

Ҳозирда Char.gy компанияси қувватловчи қурилмадан фойдаланганлик учун ҳақ олишга имкон берувчи тизимни яратиш устида ишламоқда. Ёзга келиб янги қурилма билан Лондоннинг баъзи туманларидаги устунларни жиҳозлаш режалаштирилмоқда. Бироқ ҳозирда буни амалга оширишдаги асосий муаммо янги қурилмани устунга қандай маҳкамлаш мумкинлиги бўлмоқда.

Top