15:39 / 15.04.2017
6733

“Тараққиёт стратегияси” маркази ва Халқаро пресс-клуб ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

2017 йилнинг 15 апрель куни “Тараққиёт стратегияси” марказида 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар муҳокамаларини ўтказишга хизмат қилувчи “Доимий фаолият юритувчи ишчи майдон”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Кун.uz мухбири. 

Тадбир доирасида, шунингдек, маҳаллий ОАВ вакиллари учун “Янги форматлар даври: Ҳаракатлар стратегиясини самарали ёритиш” мавзуидаги семинар бўлиб ўтди. Тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази, ЎзЭОАВМА ва Халқаро пресс-клуб билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинардан кўзланган асосий мақсад - бу 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини ОАВ вакиллари ҳамда улар орқали кенг жамоатчилик хабардорлигини оширишдан иборат бўлди. Таъкидлаш жоизки, мазкур семинар “Тараққиёт стратегияси” марказида ўтказилаётган илк тадбир ҳисобланади.

Тадбирга Ўзбекистондаги етакчи давлат ва нодавлат телерадиокомпаниялар журналистлари, интернет сайтлар вакиллари ҳамда босма нашрлар мухбирлари таклиф этилди. Тадбир давомида иштирокчиларга бугунги кунга қадар Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича қилинган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди. Ўз навбатида, куни-кеча Тошкентда ўз фаолиятини бошлаган Халқаро пресс-клубнинг асосий мақсад ва вазифалари кўрсатиб ўтилди. 

Иштирокчилар тадбир давомида янгиликлар тайёрлашда таҳлилий маълумотлардан фойдаланиш бўйича ўзаро фикр алмашишди, шунингдек тайёрланаётган медиа-маҳсулотлар сифатини янада ошириш ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдиришди. 

Шу куннинг ўзида “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Халқаро пресс-клуб ўртасида Ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Мазкур ҳужжат асосида томонлар Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларни ёритишда ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олишди.  

Top