18:46 / 23.04.2017
4714

Лондон марафонида тарихдаги энг яхши иккинчи натижани қайд этган спортчи ғолиб бўлди

Кениялик югурувчи Мэри Кейтани анъанавий Лондон марафони ғолибига айланди. У масофани 2 соату 17 дақиқа ва 1 сонияда босиб ўтди. Бу эса аёллар марафони тарихидаги иккинчи энг яхши натижа (эркак-пейсмейкерлар ёрдам бермаган мусобақалар бўйича рекорд натижа) ҳисобланади.

Жаҳон рекорди британиялик Пола Рэдклифф (2:15.25) томонидан 2003 йилда ўрнатилганди. Аммо унга ўшанда эркак-пейсмейкерлар (ўрта ва узоқ масофаларда темп қўшишга ёрдам берувчи эркак югурувчилар) ёрдам беришганди.

Кейтани учун бу Лондон марафонидаги учинчи ғолиблик саналади. У 2011 ва 2012 йилларда ҳам марафон ғолибига айланган. У шунингдек, Нью-Йорк марафонида икки марта маррага биринчи бўлиб келган.

Лондон марафонида бу йили Тирунеш Дибаба (Эфиопия, 56 секунд фарқ), ва Аселефех Мерджиа (Эфиопия, +6.07) иккинчи ҳамда учинчи ўринларни эгаллашди.

Эркаклар ўртасидаги мусобақада кениялик Даниэль Ваньиру (2:05.48) биринчи бўлди, иккинчи ўринни эфиопиялик Кененис Бекеле (+9 секунд), учинчи ўринни эса кениялик Бедан Кароки (+1.53) эгаллади.

Лондон марафони 1981 йилдан буён ўтказиб келинади.

Top