22:08 / 27.04.2017
29541

Очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат

Фото: Народное Слово

Ўзбекистоннинг аҳил қўшничилик муҳитини, яъни “фаровонлик камари”ни шакллантириш борасидаги ташаббусининг амалий ифодасидир.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг аҳолиси энг кўп, бой табиий ресурсларга эга ва географик жиҳатдан қулай жойлашган мамлакати бўлиб, минтақанинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида ҳал қилувчи ўрин тутади.

Шунинг учун ҳам давлатимиз олиб борадиган ташқи сиёсат, қўшни мамлакатлар билан муносабати қарийб 70 миллионлик аҳолиси бўлган бутун минтақа тақдирига дахлдорлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Халқаро экспертлар, жаҳон оммавий ахборот воситалари асосий эътиборини Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг минтақа давлатлари билан олиб бораётган ташқи сиёсатига қаратаётганининг боиси ҳам аслида шунда.

Қайд этиш керакки, давлатимиз раҳбари ўтган йили 8 сентябрь куни парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланишини алоҳида таъкидлаган эди. “Биз ўзимизнинг яқин қўшниларимиз Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз”, деганди Шавкат Мирзиёев.

Қўшнини танлаб бўлмайди
Бу — ҳаётий ҳақиқат. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам қўшнилар билан тил топишиш, улар билан дўстона муносабатни йўлга қўйиш жуда муҳим ва зарурдир. Бундай эзгу мақсад 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган. Ушбу дастуриламал ҳужжатда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Унда давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини, яъни “фаровонлик камари”ни шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Халқаро пресс-клубнинг яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган илк мажлисида қайд этишича, юртимиз ташқи сиёсати, авваламбор, халқимизнинг хавфсизлиги ва осойишталиги йўлида барча сиёсий ва дипломатик имкониятлардан самарали фойдаланишни назарда тутади. Яъни бунда Ўзбекистон атрофида “фаровонлик камари”ни шакллантиришнинг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Сўнгги пайтларда атрофдаги мамлакатлар билан дўстона, яқин қўшничилик муносабатлари шакллангани ҳам ана шундай ёндашувнинг амалий натижаси саналади. 

Энг муҳими, ташқи сиёсатимиз шунчаки баландпарвоз ва қуруқ гап эмас, балки одамларимиз, халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратишга хизмат қилиши лозим. Қолаверса, ташқи сиёсатнинг асосий вазифаси халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, айни пайтда юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишдир. Буларнинг барчаси қўшни мамлакатлар билан алоқаларимизда яққол намоён бўлмоқда.

Натижа ниятга яраша
Юртимиз учун қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар устувор эканлигини Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг илк давлат ташрифи Туркманистонга бўлганидан ҳам англаш мумкин. Экспертларнинг таъкидлашича, ушбу сафар, аввало, давлат ташрифи мақомига эга эди. Бундай ташрифлар муайян давлатга нисбатан бир марта амалга оширилади. Иккинчидан, кун тартибига киритилган масалалар, эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар аҳамияти ҳамда кўламидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу, ҳақиқатан ҳам, тарихий ташриф бўлди. Чунки ушбу воқеа арафасида ва ташриф пайтида кўпчиликда “Ўзбекистон Президентининг биринчи ташрифи нега Туркманистонга бўлди?” -деган савол туғилди. Бунга бир неча сабаблар бор.

Авваламбор, бу Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепциясига тўлиқ жавоб беради. Ушбу ҳужжатда қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш асосий йўналиш сифатида белгиланган. Ташриф доирасида давлат раҳбарлари қардош халқлар ўртасидаги тарихан шаклланган дўстона ва аҳил қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартномани имзоладилар. Бу эса икки мамлакат ўртасида муносабатлар барқарор, ишончли ва узоқ муддат давом этишининг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилади. Мазкур давлат ташрифининг яна бир аҳамияти, икки мамлакат раҳбарлари даражасида ўрнатилган ўзаро ишонч, тушуниш ҳамкорликнинг янги истиқболлари учун ҳам тамал тоши бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи ҳам Ўзбекистон атрофида “фаровонлик камари”ни шакллантириш йўлидаги муҳим амалий қадамлардан бири, дейиш мумкин. Сабаби, Қозоғистон ҳудуди жиҳатидан Марказий Осиёнинг энг йирик давлати бўлса, Ўзбекистон аҳоли сони бўйича етакчи мамлакат ҳисобланади. Бу давлатларнинг ўзаро муносабати минтақа равнақига ижобий таъсир кўрсатади. Ташриф давомида имзоланган 2017 — 2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини изчил амалга ошириш иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ва ўзаро товар айланмасини 2020 йилгача 5 миллиард АҚШ долларига кўтаришга туртки берган ҳолда, икки томонлама манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Агар 2016 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард долларни ташкил қилганини инобатга олсак, бу ҳам “фаровонлик камари”ни барпо этиш йўлида эришилган дастлабки муваффақиятлардан бири бўлди, десак, асло муболаға эмас.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бундай ҳамкорлик алоқалари Қирғизистон ва Тожикистон билан жадал олиб борилмоқда. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг билдиришича, хусусан, Қирғизистон билан чегараларимизни демаркация ва делимитация қилиш сингари мураккаб, ўта нозик масалада ҳам келишувга эришилаётир. Бугун қарийб минг километр чегара аниқ белгиланиб, тегишли шартнома тайёрланмоқда. Ушбу тарихий ҳужжат Қирғизистон раҳбарининг юртимизга ташрифи доирасида имзоланиши кутилаяпти. Энг муҳими, Ўзбекистон ҳам, азалий шерикларимиз ҳам ҳар қандай музокараларда бундай нозик масалалар яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва томонлар манфаатларини тан олиш принциплари асосида олиб борилиши кераклигини яхши тушунмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, Ўзбекистон қўшни мамлакатлар билан муносабатларда, авваламбор, собиқ иттифоқ парчаланганидан сўнг, шу билан бирга, турли объектив ва субъектив сабабларга кўра, тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишга тайёрлигини намоён этмоқда. Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам Халқаро-пресс клуб мажлисида буни алоҳида қайд этиб, қўшнилар билан муносабатлар энг муҳим йўналиш эканлигини таъкидлади. Мулоқотга тайёрлик ҳам бундай устуворликнинг амалий жиҳатидир. Қўшнилар билан муносабатларда манфаатлар тўқнаш келиши табиий жараён. “Масалаларни муҳокама қилишдан қочмасдан, оқилона келишувларга эришиш, ўйлайманки, Ўзбекистон раҳбариятининг ташқи сиёсатдаги биринчи ва асосий жиҳатидир”, деди у.

«Халқ дипломатияси»нинг ҳаётий инъикоси
Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида “халқ дипломатияси”ни фаоллаштириш кўрсатиб ўтилган. “Фаровонлик камари”ни шакллантиришнинг муҳим омилларидан яна бири, шубҳасиз, қўшнилар билан маданий ва гуманитар ҳамкорликни, одамларнинг ўзаро борди-келдисини кенгайтириш ҳисобланади. Ана шу тамойилни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида қўшни давлатларга чегарадош вилоятларимиз жамоатчилиги иштирокида ушбу мамлакатларга “халқ дипломатияси” кўринишидаги сафарлар уюштирилди. 

Масалан, ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан ёнма-ён яшаган, қавму қариндош бўлган. Президентимиз ташаббуси билан икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларга кенг йўл очилгани ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамламоқда. Ўзбекистондан Қозоғистонга, Қозоғистондан Ўзбекистонга турли даражадаги делегациялар ташриф буюрди. Жорий йил Тошкент вилояти делегацияси Қозоғистонда, Қизилўрда, Шарқий Қозоғистон ва Жанубий Қозоғистон вилоятлари делегациялари Ўзбекистонда бўлди. Бундай ташрифлар нафақат чегара ҳудудларида яшаётган аҳолини, балки бутун минтақа вакилларини қувонтирди. Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма декларацияда Томонлар бундан буён ҳам икки давлат ҳудудида истиқомат қилаётган ўзбек ва қозоқ диаспоралари учун она тили, миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантириш масалаларида қулай шароитлар яратиб беришни ўз зиммасига олдилар. 

Бундай аҳдлашувга Туркманистонга ташриф доирасида ҳам эришилди. Бинобарин, жорий йил 4-5 февраль кунлари Бухоро ва Хоразм вилоятлари делегацияларининг Туркманистоннинг Лебап ҳамда Тошҳовуз вилоятларига ташрифлари ҳам тегишли ҳудудлар маъмуриятлари раҳбарлари, ишбилармон ва жамоатчилик доираларининг вакиллари иштирокидаги музокараларга бой бўлди. Ташриф қатнашчилари қардош мамлакат ҳамда халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган бундай муносабатларнинг юқори даражасидан алоҳида қониқиш билдирдилар. Шунингдек, минтақалараро даражадаги тўғридан-тўғри ҳамда яқин шериклик алоқаларини, энг аввало, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни ривожлантириш муҳим эканлиги қайд этилди. Шуни таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида қарийб 189 минг нафар туркман қардошларимиз истиқомат қилади. Бу миллат фарзандлари туркман тили ўқитиладиган 47 та мактабда таҳсил олишаяпти. 

Бундай ташрифлар бошқа қўшни мамлакатлар билан ҳам амалга оширилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан муносабати дўстона, яқин қўшничилик, ўзаро манфаатларни тан олиш ҳамда ҳар қандай масалани ҳал қилиш учун мулоқотга тайёрлик принципига асосланади. Бундай ёндашув, яъни юртимиз атрофида “фаровонлик камари”ни шакллантириш эса пировардида минтақада барқарорликни янада мустаҳкамлаш, халқларимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳамда мамлакатларнинг барқарор суръатларда ривожланишига хизмат қилади.

Қобил ХИДИРОВ, 
«Халқ сўзи» мухбири.

Top