15:18 / 01.05.2017
18116

Савдо-саноат палатаси: Ўзбекистон бизнеси турғун ва лоқайд ҳолатдан чиқмоқда

Фото: Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати

Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган ҳаракатлар режаси бу соҳада давлат сиёсатининг янги даражасига ўтиш заруриятидан дарак беради. Уни қандай амалга ошириш мумкин? Бу ҳақда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов интервьюда саволларга жавоб берди.

— Алишер Эркинович, бугунги кунда ишбилармонликни ривожлантириш учун яратилган ҳуқуқий майдон механизми қай даражада ишламоқда?

— Таъкидлаш лозим бўлган асосий нарса — ҳозир бизнес турғун ва лоқайд ҳолатдан чиқиб, пайдо бўлган масалаларни янада фаолроқ муҳокама қилмоқда. Албатта, ишбилармонлар меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида жипс иштирок этмоқда, дейишга ҳали эрта. Бироқ, бизнес вакиллари улар тақдим этган кўплаб таклифлар инобатга олинаётганини кўриб туришибди. Улар янги меъёрий ҳужжатлар жорий этилишига фаол муносабат билдиришмоқда, банк соҳа ва иқтисодиётнинг турли жабҳаларида, жумладан, ташқари бозорни эгаллаш борасида юритилаётган сиёсатдан хабардор бўлишга интилишмоқда.

Мамлакат президенти, сўнгра бошқа идораларнинг виртуал қабулхонаси яратилишидан сўнг одамлар онгида катта ўзгариш юз берди. Илгари кишилар фақат муаммолар ҳақида гапиришган бўлишса, энди одамлар қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларни ўрганиб, ўзлари таклифлар беришмоқда. Бугунги ишбилармон — бизнеснинг нозик қирралари, ўз эҳтиёжи ва ҳуқуқларидан хабардор саводли киши. Бу ҳуқуқларнинг ҳимоялаш механизми ҳар доим ҳам ишламаётгани энди бошқа масала. Ҳар куни қабул қилинаётган меъёрлар ана шу вазифага эришиш йўлида фавқулодда зарур ҳисобланади.

2017 йилнинг 4 январидан кучга кирган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ўта зарур эди. Унинг қабул қилиниши коррупцияни қўпориб ташлаш учун зарур шароитларни яратади. Қонун ислоҳотлар фалсафаси нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга, чунки у нафақат коррупцияга қарши курашишни, балки давлат ва тадбиркорлик субъектлари, аҳоли ўртасидаги муносабатлар принципининг ўзгартирилишини ҳам назарда тутади.

— Агар беш йил аввалги ҳуқуқий майдон ва бугунгиси таққосланса, сўнгги вақтларда қандай ўзгаришлар рўй берган?

— Биз ҳозир муаммоларни фаол муҳокама этмоқдамиз, лекин бу муаммолар кўпайганини билдирмайди. Аслида, биз жамият, янги таҳдидларни яхшироқ англай бошладик, агар ҳозир чора кўрмасак, келажакда бундан-да оғирроқларига дуч келишимизни тушуна бошладик. Бугунги кундаги ҳуқуқий майдон ва беш йил аввалгиси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор, чунки бизнесни ривожлантириш учун кенг имкониятлар тақдим этувчи жуда кўп меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Масалан, текширувларни олайлик. Катта муаммоларга сабаб бўлувчи кичик бир жиҳат — қарши текширишлар эди. Беш-ўн йил олдин режали текширувлар қандай ташкил этилишини кузатиш ҳам мумкин эмас эди. Ҳозир режали текширувлар билан боғлиқ муаммо буткул йўқ, чунки унинг ўтказилиши тўлиқ тартибга солинган. Режали текширувларнинг 80 фоизини савдо-саноат палатаси мониторинг қилади. Режадан ташқари текширувларга келсак, бу ҳақиқатдан ҳам муаммо эди. Ҳозир президентнинг 2016 йил 5 октябрдаги қарорига кўра, у ҳам ҳал этилди. Қонунчиликда ҳам ўзгартиришлар киритилди, жумладан, Солиқ, Маъмурий ва Жиноий кодексларга ўзгартиришлар киритилиб, қисқа муддатли текширувлар бутунлай бошқа тавсифга эга бўлди. Бу энди қонунчиликдан олиб ташланган ва тақиқланган қарши текшириш эмас. Текширишни тайинлаш ва ўтказиш тартиби аниқ регламентга эга бўлди ва фақат муайян асослар бўлгандагина бир кундан ошмаслиги белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, Маъмурий ва Жиноий кодексда ҳар қандай турдаги текширувлар тартибини бузганлик учун қатъий жазолар белгиланди. Айни пайтда назорат этувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг рухсатисиз ҳеч ким текшириш ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.

— Бугун «бизнеснинг хавфсизлиги» тушунчаси тобора долзарб бўлиб бормоқда...

— Бизнес доимо қалтис таваккалчиликка боғлиқ, унинг бош хусусияти ҳам шунда. Таваккалчиликлар нафақат маъмурий тартибга солиш билан, балки бозор конъюнктураси, бизнес танлашга тўғри ёндашиш ва уни тўғри юритиш билан ҳам боғлиқ. Қонунчиликнинг ижро этилиши нуқтаи назаридан таваккалчилик жуда кам. Маҳсулот импорт қилиш билан боғлиқ маълум бир таваккалчиликлар бор. Бугунги кунда ташқи бозордан бехабарлик — асосий таваккалчилик, дейишмоқда ишбилармонларнинг ўзи. Таассуфки, ҳозирча бизда республикамизда қайси маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини тезда билиб олиш имкониятини берадиган маълумотлар базаси йўқ. Импорт маҳсулот харид қилиш учун банк билан маблағларни конвертация қилиш масаласида ишлай бошлаганингизда, у маҳсулот Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётгани ойдинлашади, боз устига, божхона йиғимлари жуда баланд ва конвертация жараёни ҳам маълум бир вақтни талаб этади. Таваккалчиликлар даражасини пасайтириш учун айни пайтда маркетинг тадқиқотлари, ишбилармонларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, уларнинг ўзимиздаги ва хориждаги нархлари ҳақида очиқ ҳикоя қилувчи маълумотлар базасини яратиш бўйича тизимли иш олиб борилмоқда. Таваккалчиликнинг бу кўринишини пасайтириш учун палата, вазирликлар ва идоралар, кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорлик экспортини қўллаб-қувватлаш фонди иш олиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари эътиборни жалб қилишга ундаган яна бир жиҳат — кадрлар масаласи. Ходимларни танлашда хатога йўл қўйиш ҳам қалтис таваккалчилик. Рақобатбардош бўлиш учун сиз самарали музокаралар олиб бора оладиган, маҳсулотингизни рақобатчи бозорларига олиб кира оладиган яхши менежерга эга бўлишингиз керак.

Бугун биз маҳсулотларимизни асосан МДҲ давлатларига экспорт қиламиз, буни яширишга ҳожат йўқ. Нега биз бундай қилаяпмиз? Бу аввало логистика нуқтаи назаридан қулай, чунки мамлакатимиз МДҲ аъзоси ва божхона йиғимлари бўйича маълум бир имтиёзларга эга. Бироқ яна бир омил бор — стандартлар бўйича қатъий техник талабларнинг мавжуд эмаслиги, бу жаҳоннинг ривожланган давлатлари бозорларига чиқишимиз учун тўсиқ бўлиб турибди. Шу сабабли айни пайтда маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мос келишини ва сифатини теширувчи ўз лабораторияларимизни яратиш устида иш олиб борилмоқда. Мева-сабзавот лабораторияларини экспорт қилиш учун ишлаб чиқарувчиларимиз хорижий лабораториялар хизматидан фойдаланишмоқда. Яқиндагина Швейцариянинг SGS ва «Ўзстандарт» агентлиги билан биргаликда янги лаборатория ишга туширилди ва халқаро стандартларга мос келувчи сертификат тақдим эта олади. Бироқ битта лаборатория камлик қилади. Лабораториялар мамлакатимизнинг турли ҳудудларида бўлиши керак. 

— Савдо-саноат палатаси бошқа ташкилотлар билан бир қаторда «Давлат-хусусий шериклиги ҳақида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда қатнашмоқда. У қонун ДХҲ аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини, тадбиркорлик субъектлари томонидан маблағларнинг ишлатилиши самардорлиги ва шаффофлигини кафолатлайди. Палата томонидан бу йўналишда қандай ишлар олиб борилмоқда?

— «Давлат-хусусий шериклиги» тушунчасининг ўзи жуда кенг қамровли. У давлат томонидан амалга оширилаётган вазифаларни ҳаётга жорий этишда хусусий секторнинг иштирокини назарда тутади. Биз бу ишни олти йил муқаддам бошлаганмиз. Давлат рақобат қўмитаси (ўшанда Давлат мулк қўмитаси) билан давлат ва хусусий ҳамкорлиги концепциясини ишлаб чиққанмиз. Кейинроқ бир қатор қалдирғоч лойиҳаларни жорий этиш устида иш бошладик. Улардан бири — маиший чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида давлат ва хусусий ҳамкорлик механизмини яратиш эди. Лойиҳа юқори самарадорликни намойиш этиб, бизнесга янги бўшлиқни эгаллаш ва янги иш ўрин яратиш имкониятини тақдим этди. Албатта, бу атроф-муҳит муҳофазаси ҳамдир. Давлат учун бу жуда муҳим масала. Яна бир муҳим жиҳат — давлатнинг харажатлари кескин камайиб, солиқ кўринишидаги даромад ола бошлади ва ҳ.к.

Ҳозир «Давлат-хусусий шериклиги тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини якунлаш устида иш олиб борилмоқда. У ҳозир бир қатор вазирликлар билан биргаликда тайёрланиб, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Палата сайтида муҳокамага қуйилган. Бизнес бу меъёрий ҳужжатни яратиш жараёнида иштирок этиши керак, чунки у бизнеснинг истиқболдаги ривожи учун жуда муҳим ҳисобланади.

Давлат-хусусий шериклиги иқтисодиётнинг исталган соҳасини қамраб олиши мумкин. Аслида, биз бугунги кунда давлат ва хусусий шериклигининг етарли даражадаги мисолларига эгамиз. Улардан бири — «электрон ҳукумат». Давлат маблағ ажратиб, тендер эълон қилади, хусусий сектор эса лойиҳани ишлаб чиқишда қатнашади ва уни давом эттиради. Электр энергиясини тақсимлаш билан боғлиқ тажрибалар ҳам ўтказилган, унда хусусий компаниялар хизмат учун ҳақ йиғиш билан шуғулланган эди. Бироқ механизм тўлақонли ишлаб чиқилмаган, қонунчилик базаси мавжуд эмасди. Қалдирғоч лойиҳалар шуниси билан ҳам қизиқки, у бизнеснинг имкониятлари ва камчиликларини аниқлаб беради. Шу сабабли, ҳозир яна чиқиндиларни қайта ишлаш ва муқобил энернетика лойиҳаларига қайтаяпмиз. Бу ерда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришнинг мумкин бўлган икки йўналиши мавжуд — йирик давлат станциялари ва қайта тикланувчи манбалардан энергияни муваффақиятли етказиб бераётган хусусий бизнес. Булар биогаз қурилмалари, қуёш батареялари, сув иситувчи коллекторлардир. Бироқ иситиш бўладими, электр энергияси бўладими, хусусий қурилмалар ёрдамида ишлаб чиқарилаётган энергияни тақсимлаш ёки марказий тизимга бериш борасида саволлар бор. Мана шу ерда ўзаро ҳисоб-китоб механизмлари, томонларнинг жавобгарлигини аниқлаштирувчи қонунга зарурият бор. Қонун ҳозир ишлаб чиқилмоқда. «Муқобил энергетика тўғрисида»ги қонун ҳам ҳозир муҳокамага қўйилган.

Яна бир муҳим ҳужжат — «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун. Аслан, бу ҳам давлат ва хусусий ҳамкорлик ҳисобланади ва қонунчилик хусусий секторга давлат маблағлари эвазига амалга ошириладиган лойиҳаларда қатнашиш имконини тақдим этади. Масалан, қурилиш, пахтачилик ёки ғаллачилик каби соҳаларни олайлик. Бу соҳаларда аллақачон шундай ҳамкорлик ишлаб турибди.

Палата меъёрий ҳужжат устида ишлаш билан биргаликда, муҳокамага имкон қадар кўпроқ тадбиркорлик субъектларини жалб қилиниши борасида ҳам иш олиб бормоқда. Қонун қабул қилингач, бизнинг фикримизга кўра, лойиҳалар амалга ошириладиган жабҳаларнинг аниқланишига эътиборатиш муҳим. Бу чиқиндиларни қайта ишлаш, ижтимоий объектларни, жумладан, соғлиқни сақлаш объектларини бошқариш бўлиши мумкин. Қайд этиш жизки, коммунал соҳа — бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун жуда қизиқарли сектор ҳисобланади.

Аҳоли ва бизнес мобил алоқа ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланаётганини ҳисобга олиб, биз ижтимоий тармоқларда қонунчилик лойиҳаларини муҳокама қилиш учун гуруҳ очдик. У ерда таклиф ва ҳужжатларни эълон қилиб, саволларга жавоб берамиз. Ишбилармонларни қонун яратиш жараёнига фаол жалб қилиш, бизнес фикрини инобатга олиш бизнес, давлат ва аҳоли манфаатларини таъминлаш учун жуда муҳим ва фойдали.

— Бугунги кунда кичик бизнес нечоғлик йирик бизнес билан кооперацияда иштирок этмоқда?

— Палата кичик ва йирик бизнес кооперациясига ҳам катта эътибор бермоқда, Иқтисодиёт вазирлиги билан ҳамкорликда кооперацион биржалар, ҳудудий ва соҳага оид кўргазмалар ўтказилишини ташкиллаштирмоқда. Кичик корхоналарнинг катта қисми кооперация жараёнига жалб қилинган ва йирик буюртмалар олишган. Бу ерда турли дастурлар интеграцияси рўй бергани муҳим. Кичик ва йирик бизнес кооперациясини ривожлантириш дастури ва Маҳаллийлаштириш дастури — бугунги кунда яхлит тизим ҳисобланади. Муҳими, бу кооперацияни рағбатлантирувчи маълум бир меъёрларнинг борлиги. Бу бугунги кунда кичик ва йирик компаниялар эга бўлган божхона, солиқ имтиёзлари, шунингдек, сифатни бошқариш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари ҳамдир. Бугун нафақат йирик корхоналар кичикларида буюртма жойлаштирмоқда, кичиклари ҳам йирикларига буюртма бермоқда. Бу энди хомашёни қайта ишлашдан тортиб, тайёр маҳсулотни сотувга чиқараётган корхоналарнинг бири бири билан ҳамкорлик занжирини ҳосил қилган. Кооперацион биржа шуни кўрсатдики, автомобиль, мебель, фармацевтика, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги каби бир қатор жабҳаларда тўлиқ занжир мавжуд. Бу ҳол ушбу соҳаларнинг етуклигидан дарак беради. Албатта, барча ҳудудларда ҳам занжир тўлақонли ишлаётгани йўқ, лекин бутун республика бўйлаб шундай ишлаётган моделлар борки, улардан андоза олиб, амалиётга фаол татбиқ этиш мумкин.

Жамила Аипова суҳбатлашди.

Top