14:55 / 12.05.2017
12035

Украина ТИВ раҳбарининг Трамп билан учрашиши учун 400 минг доллар тўлангани айтилди

Фото: Facebook/ukr.embassy.usa

Украина Олий радаси депутати Андрей Артеменконинг айтишича, Киев Украина делегациясининг АҚШ олий раҳбарияти билан учрашиши учун 400 минг доллар тўлаб берган.

"Украина томони бу учрашув учун Американинг номаълум фирмасига украин солиқ тўловчилари пуллари ёрдамида маблағ тўлаган. Улар украин халқидан ўғирланган 400 минг АҚШ долларидир", - дея ёзди Артеменко Facebook’даги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳақдаги маълумот ярим йил ичида АҚШ адлия вазирлиги расмий ресурсларида пайдо бўлади, сабаби Америка қонунчилиги шуни талаб қилади.

Бундан ташқари, Артеменконинг айтишича, Украина делегациясининг Трамп ва Пенс билан учрашуви умуман режалаштирилмаганди, бироқ “президент Трампнинг Россия ташқи ишлар вазири Лавров ва элчиси Кисляк билан бўлиб ўтган учрашувига компенсация” тарзида ўтказилди.

Депутатнинг қўшимча қилишича, учрашув ҳақидаги ташаббус Оқ уйдан чиққан, унинг ўзи эса олти дақиқа давом этган.

Кеча Трамп Украина ТИВ раҳбари Павел Климкинни Оқ уйда қабул қилди. Шунингдек Климкин вице-президент Майкл Пенс билан музокаралар ўтказди, учрашувда асосий мавзу Донбассдаги вазият билан боғлиқ бўлди. Киевда бу учрашувни “қўллаб-қувватлашнинг кучли сигнали” деб аташди.

Top