00:37 / 14.05.2017
10213

28 йил парвоз қилмаган авиакомпанияда самолётлар энди учишга шайланмоқда

Фото: Baltia Air Lines в Facebook

Ташкил этилгандан бери 28 йил ичида бирорта йўловчилар рейсини амалга оширмаган Baltia Air Lines авиакомпанияси яқин орада Европага учишни бошлашини маълум қилди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот баёнотида маълум қилинди.

Авиакомпания хабарида айтилишича, у бир нечта Boeing-767-300 самолётларини ижарага олиб, Нью-Йоркдан 90 км узоқликдаги Стюарт халқаро аэропортидан Европанинг турли шаҳарларига йўловчилар, юк ва почта ташимоқчи. Училадиган шаҳарлар орасида Лондон, Париж, Барселона, Ницца, Неаполь, Афина, Варшава, Будапешт, Прага, Санкт-Петербург ва Тель-Авив каби шаҳарлар келтирилган. Авиакомпания директорлар кенгаши бундай қарорни 11 май куни қабул қилди.

Парвозлар ва чипта сотиш қачон бошланиши маълум қилинмаган.

Baltia Air Lines 1989 йилда АҚШда Ригадан келган Игорь Дмитровский томондан АҚШ ва собиқ Иттифоқ ўртасида парвозларни амалга ошириш учун ташкил этилган. 1991 йилда АҚШ транспорт вазирлиги авиакомпанияга Нью-Йоркдан Рига ва Санкт-Петербургга рейсларни очишга рухсат берган. Бироқ авиакомпанияда самолётлар йўқлиги сабабли бу рейслар жорий қилинмаган. 

Авиакомпания раҳбарияти Гонконгнинг Cathay Pacific авиакомпаниясидан Boeing-747-200 самолётини сотиб олишга уринган, бироқ 1998 йилда бу битим Baltia Air Lines’да пул йўқлиги сабабли амалга ошмаган. Кейинроқ АҚШ авиация мутасаддилари авиакомпаниядан Россияга рейсларни очишга рухсатни қайтариб олган, бироқ 2007 йилда Санкт-Петербургга учишга яна рухсат берилган.   

Авиакомпанияда илк самолёт 2009 йилда пайдо бўлган: Pakistan International Airlines’дан сотиб олинган Boeing-747-200 двигателсиз бўлган. 3 йил ўтиб авиакомпания яна битта шундай самолётни Northwest Airlines’дан сотиб олинган. У Baltia Air Lines’га хос тарзда бўяб чиқилган, биринчи сотиб олинган самолёт эса темир-терсакка топширилган. 

Бироқ авиакомпания ҳанузгача бирорта рейс амалга оширмаган. 2016 йилда унинг асосчиси Игорь Дмитровский вафот этган. Компания директорлар кенгаши раҳбар этиб Энтони Кулоурисни тайинлаган.

Авиакомпаниянинг 2015 йилдан бери янгиланмаган сайтидаги маълумотларга кўра, унда ҳанузгача Boeing-747 самолёти бор. Самолёт Мичиган штатидаги Ипсиланти шаҳри аэропортида туради. 2014 йилда бу самолёт Thunder Over Michigan авиашоусида иштирок этган.

Top