12:24 / 22.05.2017
4614

Шахмат. Мактаб ўқувчиларига Миллий терма жамоанинг асосий таркибида иштирок этиш имконияти берилди

Халқ таълими вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасида спортнинг шахмат туридан республика чемпионати ўтказилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Ўзбекистон Шахмат федерацияси ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур чемпионатда 7-15 ёшдаги ўқувчилар иштирок этмоқда. Чемпионат тўрт босқичда: мактаб, туман (шаҳар), вилоят ва республика босқичида ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.  

Мусобақаларнинг ҳудудий босқичларида жами 582 минг нафар ўқувчи иштирок этди. Улардан 160 нафари республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Қолаверса, 46 нафар Жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионати, кубокларида ғолиб бўлган ўқувчилар республика босқичида тўғридан-тўғри иштирок этмоқда.

Чемпионат шу йилнинг 21-27 май кунлари ўтказилиб, унда ўқувчилар шахматнинг учта: блиц, стандарт ва рапид йўналишларида ўзаро беллашадилар.

Чемпионат шу йилнинг 27 майига қадар давом этади. Чемпионат низомига кўра, стандарт йўналишида ўз ёш тоифасида биринчи ўринни эгаллаган ўқувчилар Осиё чемпионатида миллий терма жамоанинг асосий таркиб қатнашчиси сифатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар.

Top