20:15 / 24.05.2017
7791

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга янгича ёндашилмоқда

Бугун ҳудудларни ривожлантиришда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки бошқача айтганда, барча бўғиндаги ҳокимликларнинг масъулияти тобора ортиб бораяпти. Бу эса, ўз-ўзидан уларнинг зиммасига янгидан-янги вазифаларни ­юкламоқда. Аммо амалдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунда мазкур ­вазифалар тўлиқ акс этмаган.

Шу боис ушбу Қонунни янги таҳрирда қабул қилиш зарурати туғилди. Ўзбе­кистон Республикасини ­ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва ­инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид ­Давлат дастурида ­тегишли қонун лойиҳасини ишлаб ­чиқиш кўзда ­тутилган.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, экспертлар фикрича, ўтган даврда давлат ҳокимияти органлари фаолияти қонунчилигида ҳам, ташкилий-амалий жиҳатларида ҳам туб ўзгаришлар, янгиланишлар юз берди, мазкур тизим ҳамда уларнинг ­тузилмаси модернизация қилинди. Бугунги кунда 
59 та маҳаллий давлат ­бошқаруви органи фао­лиятига “Электрон ҳукумат” тизими ва бошқарувнинг ­бошқа илғор механизмлари кенг жорий этилмоқда.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини ­таъминлаш, ижтимоий шериклик, марказда ҳамда жойларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ­ҳужжатлар, давлат ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишда жамоатчилик иштирокининг ташкилий-ҳуқуқий асослари шакллантирилди. Ижро ­ҳокимиятининг вакиллик органлари олдида ҳисобдорлиги тамойили Конституция ҳамда қонунларда мустаҳкамлаб қўйилди. Сиёсий ­ислоҳотлар билан бир қаторда, ­ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар юз берди. Бугунги давр давлатимиз олдига мутлақо янги вазифаларни қўймоқда. Бу ўзгаришлар, шубҳасиз, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тўғрисидаги қонунчиликда ҳам ўз аксини топиши лозим.

Қонуннинг янги таҳрири, авваламбор, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини амалда улар бажараётган вазифалар ­билан мувофиқлаштиришга қаратилган. Унда, шунингдек, ҳозирги вақтда марказдаги давлат бошқаруви ­ваколатларини ҳудудларга бериш сиёсати олиб борилаётганини инобатга олган ҳолда, маҳаллий давлат ­ҳокимияти органлари фаолият ­йўналишлари кўриб чиқилади. Айни пайтда қонун даражасида ҳокимлар, халқ депутатлари Кенгашлари, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг асосий вазифа ҳамда ­ваколатларини чегаралаб қўйишга ­алоҳида эътибор қаратилади.

Таклиф қилинаётган қонун лойиҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг асосий йўналишлари, атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан фойдаланишнинг давлат бошқаруви, маҳаллий бюджет масалалари акс этган. Ҳокимнинг бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотлари, шу жумладан, молиявий-иқтисодий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, хўжалик бошқаруви ҳамда жамоатчилик назорати субъектлари билан муносабатлари тартибга солинаётгани ушбу ҳужжатнинг муҳим ­янгиликларидан бири ҳисобланади.

Ҳозирги пайтда ҳокимликларнинг асосий вазифа ва ваколатлари Конституция­мизда, юздан ортиқ қонунларимизда, икки юздан зиёд қонуности ҳужжатларида, қолаверса, ҳукуматимиз ҳужжатларида белгилаб берилган. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунда эса улар тўлиқ ўз ифодасини топмаган. Унда, шунингдек, марказий ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ­ваколатлари қонун даражасида ­чегараланмаган. Қонуннинг янги ­таҳрири лойиҳасида ушбу бўшлиқ тўлдирилаяпти.

Бугун ҳудудларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан саналади. Шу сабабли қонун лойиҳаси ижодкорлари ҳудудларни ривожлантириш стратегиясини ва тегишли комплекс дастурларни ишлаб чиқишга ягона ёндашувнинг йўқлигига эътибор қаратишди. Бундай стратегия қонуний мақомга эга бўлмайди ҳамда маҳаллий бюджетга боғланмаган бўлади. Оқибатда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тегишли ­стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш муайян қийинчиликлар туғдиради. Қонуннинг амалдаги ­таҳририда, ўз навбатида, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фао­лиятининг иқтисодий асослари очиб берилмаган.

Шу боис қонун лойиҳасини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг иқтисодий асослари батафсил очиб бериладиган модда билан тўлдириш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимлари ваколатлари янада аниқ белгиланади.

Ҳозирги пайтда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ўз штат ходимларига, молиялаштириш манбаларига ҳамда моддий-техника базасига эга эмас. Натижада маҳаллий Кенгашлар фаолияти ҳудуд раҳбарлари ва ҳокимиятлар ходимларига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу эса улар томонидан ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан назорат ўрнатиш, ҳудудларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ўз ваколатларидан унумли фойдаланишга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам қонун лойиҳасида Кенгаш ва унинг институтлари самарали фаолиятини таъминлашнинг механизмлари белгилаб қўйилмоқда.

Амалдаги Қонуннинг 1-моддасига кўра, вилоят, туман, шаҳар ҳокими вилоят, туман ҳамда шаҳарнинг олий мансабдор шахси бўлиб, айни бир вақтда тегишли ҳудуддаги ­вакиллик ва ижроия ҳокимиятини бош­қаради. Аммо бир шахс ушбу вазифаларни бажариши ижро ҳокимияти органларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари олдидаги ҳисобдорлиги масалаларини ҳал этишни мантиқий жиҳатдан тартибга солишни талаб қилади. Шу сабабли ҳам қонун лойиҳасида ушбу қоидани ҳокимиятлар бўлиниши принципи нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш ­таклиф ­этилаяпти.

Бугун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш сиёсатини ишлаб чиқишда фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бунда ижтимоий шериклик механизмидан унумли фойдаланиш муҳим ўрин тутади. Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасида оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда хусусий сектор вакилларининг ҳудудларни ижти­моий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси, бюджетни режалаштириш, бош режа сингари долзарб масалаларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва амалга оширишга жалб этишнинг мажбурий механизмини аниқ ­белгилаб олиш зарур.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан парламент, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари амалиётига назорат-таҳлил фаолиятининг халқ билан самарали мулоқотга асосланган янги шакли жорий қилинди. Парламент аъзолари муайян туман мисолида жойлардаги ҳақиқий аҳвол, қонунлар, дастурлар ижросини ўрганмоқда. Унинг натижалари эса маҳаллий Кенгашлар сессияларида кенг жамоатчилик иштирокида таҳлил этилаяпти, мавжуд муаммолар ечими юзасидан аниқ қарорлар қабул қилинмоқда ва уларнинг ижроси назоратга олинаётир. Жойларда сўнгги тўрт ой давомида муваффақиятли синовдан ўтган ушбу ­амалиёт уни қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйиш заруратини кун тартибига олиб чиқаяпти.

Қонун лойиҳасида, шунингдек, жисмоний ҳамда юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тизимидаги янгиликлар, ушбу соҳада ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, Президентимиз томонидан маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг ислоҳотлар натижадорлиги ва самарадорлиги учун шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича белгилаб ­берилган вазифалар акс этиши айни муддаодир.

Ўткир БЎТАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси 
Қонунчилик палатаси депутати.

Top