15:37 / 27.05.2017
5606

Го бўйича жаҳон чемпиони компьютер дастурига кетма-кет уч баҳсни бой берди

Фото: Reuters

Го ўйини бўйича жаҳон чемпиони хитойлик Кэ Цзе AlphaGo компьютер дастурига учта баҳснинг барчасида мағлуб бўлди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

Сўнгги учрашув шанба, 27 май куни бўлиб ўтди. Ҳар бир томонга қарорлар қабул қилиш учун уч соатдан берилди. Цзе ғалаба қозонган тақдирда 1,5 миллион долларни қўлга киритиши мумкин эди.

«Бу машинада ўйинга нисбатан ҳеч қандай ҳис-туйғу йўқ. Олдин дастурда қатор заиф томонлар бор эди, бироқ ҳозирда унинг го ўйини тушуниши ва қарорлар қабул қилиши бизнинг имкониятларимиздан анча олдинда эканини тушунмоқдаман», - дея маълум қилди ўйинчи.

AlphaGo - Google DeepMind компанияси томонидан яратилган дастур бўлиб, 2016 йилда го бўйича собиқ жаҳон чемпиони Ли Се Доль ҳам сунъий идрокни мағлуб этишга уриниб кўрган, аммо беш ўйиндан тўрттасида имкониятни бой берганди.

Го – мантиқий ўйин бўлиб, тахминан уч минг йил аввал пайдо бўлган. Унда икки ўйинчи иштирок этади, бири оқ рангдаги тошларни олса, иккинчиси – қора. Ўйинчиларнинг мақсади – ўйин тахтасида ўз рангдаги тошлари орқали рақибга қараганда кўпроқ ҳудудни эгаллаш. Айни дамда го Хитой, Япония ва Жанубий Кореяда кенг тарқалган.

Top