22:10 / 25.07.2017
7662

Африка компанияси 190 млрд долларлик солиққа тортилди

фото: ACACIA MINING

Танзаниянинг олтин қазиб олиш билан шуғулланувчи Acacia Mining компаниясига 190 млрд долларлик қўшимча солиқ солинди. Бу ҳисобчининг хатоси эмас – Танзания ҳукумати Acacia Mining давлатни 40 млрд долларга алдаган деб топган, қолган 150 млрд доллар эса жарима ва пенялар сифатида йиғилиб қолган.

190 млрд доллар бу шунчаки жуда катта миқдор эмас, бу мутлақ ақл бовар қилмас суммадир. Россиянинг бир вақтлар энг йирик нефть компанияси "ЮКОС" солиқчилар унга 25 млрд долларлик қўшимча солиқ (жумладан жарималар ва шўъба корхоналарга эътирозлар бўйича) ҳисоблаб берганларидан кейин касодга учраган.

Шунингдек, бир нечта компанияларгина 190 млрд долларлик бозор нархига эга. Дунёнинг энг қиммат компанияси Apple 792 млрд доллар туради. Bloomberg’нинг ҳисоб-китобларига кўра, Acacia Mining ҳукумат билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши учун 200 йиллик даромадини бериши керак бўлади.

"40 млрд долларлик қиймат – бу олтин қазиб олувчи дунёдаги  5 та йирик компаниянинг 2000 йилдан бери тўлаб берган умумий солиқ миқдоридан 2 марта кўпроқдир", деб айтган Investec Plc. таҳлилчиси Хантер Хиллкоат. Ҳаттоки Танзаниянинг йиллик ялпи ички маҳсулоти компанияга билдирилган молиявий эътирозлардан камроқдир, у 150 млрд долларга яқинни ташкил қилади.

Танзания ҳукумати ва Acacia Mining ўртасидаги баҳс бир неча ойдан бери давом этмоқда: амалдорларнинг фикрича, компания ўзига тегишли иккита кондан экспортни декларация қилмаган. Компания эса буни рад этмоқда. Танзания март ойида ишланмаган олтин ва мис экспортини тақиқлаб қўйган, бу эса Acacia Mining’га кунига бир неча миллион долларлик зарар келтирмоқда.

Top