10:08 / 27.07.2017
9715

Хитой 25 йил давомида Ўзбекистонга 9 млрд долларлик молиявий маблағлар тақдим этди

Иллюстратив фото

Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо ва инвестициявий шериги ҳисобланади. Бу ҳақда ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонасининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Цзинь Юйлун таъкидлаб ўтди.

Унинг маълумотларига кўра, Хитой 25 йил давомида Ўзбекистонга 9 млрд долларлик кредитлар, грантлар ва беғараз ёрдам тақдим этган.

Унинг қайд этишича, 25 йил ичида Хитойнинг имтиёзли ва тижорий кредитлари ҳисобидан Ўзбекистон электроэнергетика, кўмир қазиб олиш саноати, гидроэнергетика, кимё саноати, авиақатнов, темир йўл транспорт ва бошқа соҳаларда 60 дан ортиқ лойиҳани амалга оширди ёки оширмоқда.

Шу билан бирга, унинг қўшимча қилишича, бу маблағлар ҳукумат линияси бўйича тақдим этилган ва Хитой ишбилармон доиралари сармояларини ҳисобга олмаган.

Цзинь Юйлуннинг эслатишича, Хитой Ўзбекистонга Ангрен-Поп темир йўл туннели, Ангрен ИЭСда янги энергоблокни қуриш, Қўнғирот сода заводи қувватларини кенгайтириш каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағлар тақдим этган.

Унинг маълумотларига кўра, Хитой Ўзбекистонга таълим, тиббиёт, божхона, маданият, қишлоқ хўжалиги, гидроиншоотлар, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда 40 та лойиҳани амалга ошириш учун беғараз ёрдам кўрсатди.

Эслатилишича, бугунги кунда ХХРнинг Ўзбекистонга инвестициялари умумий ҳажми 7,8 млрд доллардан кўпроқни ташкил этади. Ўзбекистонда Хитойнинг 700 дан ортиқ корхона ва қўшма корхоналари халқ хўжалигининг турли соҳаларида ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Top