17:55 / 15.08.2017
69262

«Чегара билмас имтиёз». Имтиҳонлардаги очиқ нотенглик ва мантиқсизлик ҳақида

Блогер ва ҳуқуқшунос Мақсуд Саломов ўз блогида бугун эълон қилинган мандат натижаларига муносабат сифатида «Чегара билмас имтиёз» сарлавҳали постини эълон қилди. Муаллиф ҳарбий имтиёзга эга бўлган абитуриентлар бошқа рақобатчиларидан катта устунликка эга бўлиши, натижада тест синовларида барча саволларга жавоб бера олган абитуриент ҳам бундай имтиёзли абитуриентдан катта фарқ билан ортда қолишини очиқ адолатсизлик сифатида баҳолаган.

Маълумки, кеча кечки пайтдан бошлаб ДТМ бот ва турли алоқа операторлари орқали 1 августдаги кириш имтиҳони натижалари маълум бўла бошлади. Кўпчилик олий таълим муассасаларида натижалар ҳайратланарли даражада баланд. Қуйида Ўзбекистон Республикаси бўйича 1 августдаги кириш имтиҳонида қайд этилган энг юқори натижаларни келтириб ўтаман:

1. 306,9 балл - Андижон тиббиёт институти;
2. 297,0 балл - Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети;
3. 292,2 балл - Тошкент давлат юридик университети.

Ҳеч кимга сир эмас: агар қайсидир ғайритабиий интеллигенция ва ноодатий ақлий қобилиятга эга бўлган абитуриент 3та блокдаги барча саволларга (ҳар биридан 36тадан савол) тўғри жавоб берган бўлса, унинг жами бали 226,8 баллни ташкил этади. Лекин бундай «Самовий» қобилиятга эга талаба ҳам, ҳарбий имтиёзга эга бўлмаса, юқорида санаб ўтилган 3та ОТМнинг ҳеч бирига бюджет асосида қабул қилинмайди. 

Биргина Тошкент давлат юридик университетини олайлик. Ушбу ОТМда контрактга кириш бали 181,7, бюджетга кириш бали 257,4 (!) баллни ташкил этган. Кириш баллари бу қадар юқори бўлишига ҳарбий имтиёз билан боғлиқ ўзгаришлар сабаб бўлди. Дастлаб, ҳарбий имтиёзлиларга тўпланиши мумкин бўлган жами баллнинг 27 фоизи қўшиб берилар эди, бу йил ҳарбий имтиёзлиларга ўзлари йиққан балининг 50 фоизи тақдим қилиниши жорий этилди ва натижани юқорида кўриб турибсиз. Қисқа қилиб айтганда, ушбу имтиёзли тизим ўзини оқламади - баъзи ОТМларга ишлатилиши мумкин бўлган энг максимал билим билан ҳам давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниш имконсиз ҳолга келтириб қўйилди. 

Агар мен мана шу йил ўқишга топширган ва ҳарбий имтиёзсиз, ўз кучим билан (пул ёки бошқа воситалар орқали эмас) 220 баллдан юқори олган ҳолимда контракт асосида талаба бўлиш бахтига «мушарраф» бўлсам, буни ўзимга нисбатан ҳақорат, деб қабул қилардим. Фақатгина ўзимга нисбатан эмас, бутун бошли илмга интилувчи ёшларга нисбатан, Ўзбекистондаги ақлий салоҳиятни ҳурмат қиладиган ҳар қандай фуқарога ва бутун бошли таълим тизимига нисбатан ҳақорат, деб қабул қилардим. Албатта, бундай фикрлашимга асосий сабаб мендаги алам бўларди, лекин бу алам - шунчаки ўжар ва қайсар думбулнинг алами эмас, ўз устида ишлаган, меҳнат қилган, интилган талабанинг алами бўларди ва мен бундай аламни, ҳеч қандай шубҳасиз, ҳақ деб биламан.

Албатта, ҳарбий хизматни ўташ осон эмас. Бу учун ОТМларга киришга имтиёз бериш ҳам нотўғри эмасдир (музокарали). Лекин бир кишига тақдим этилган имтиёз иккинчи шахснинг имкониятини яққол, очиқчасига ва аламли равишда бузар экан, бундай имтиёзга ҳуқуқий давлатда ҳам, фуқаролик жамиятида ҳам ўрин йўқ. 

Хўш, нега ҳарбийларга қўшиб берилган бу йилги имтиёзни бошқа шахслар имкониятини яққол чегаралаб қўяди деяпман?

Биринчидан, берилган имтиёз соҳа жиҳатидан чегараланган бўлиши лозим. Соҳа жиҳатидан чегараланганлиги шундан иборатки, ҳарбий хизматни ўтаганларга фақат ҳарбий ОТМларга кириш учун маълум даражада имтиёз берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳарбий хизматни ўтаб, имтиёзни қўлга киритганлар армиядаги захматлари учун қанчалик ҳурматга лойиқ бўлмасин, бу уларни тиббиёт, адабиёт ёки ҳуқуқ каби ақлий меҳнат биринчи даражали ҳисобланадиган соҳаларда ҳеч қандай ақлий имконият билан етиб бўлмас даражадаги имтиёз билан таъминлаш - давлатдаги ақлий меҳнат вакилларини мажбуран бир неча поғона пастга турткилаб ташлашга сабаб бўлади. Агарда ҳарбий имтиёзга эга бўлганлар Ички ишлар академияси, ТВАКУ ёки шунга ўхшаш ўз соҳаси ОТМларигагина имтиёз асосида қабул қилинса, эътирозлар анча камаяди.

Иккинчидан, имтиёзнинг даражаси чекланган бўлиши лозим. Яъни, имтиёзга эга бўлган шахс унга эга бўлмаган шахс имкониятларини бутунлай йўққа чиқариб ташламаслиги керак. Бу йилги тизим эса тўлалигича йўққа чиқарди: ҳарбий имтиёзсиз абитуриент барча саволга жавоб берди, 226,8 тўплади ва у контракт тўлаб ўқишга мажбур. Лекин ҳарбий имтиёзга эга абитуриент 160 балл тўплади, имтиёзи яна 80 балл берди ва жами 240 балл билан бюджетга кирди. Бунда имтиёзсиз бола учун бюджетга кириш имкони назарий жиҳатдан нолга тенг қилиб қўйилди - шафқатсиз даражадаги мантиқсизлик! Имтиёз даражасини шундай белгилаш керакки, у абитуриентга назарий жиҳатдан 226,8 баллдан юқори балл олиб бермаслиги керак. Ахир мавжуд таълим тизимимиздан тўпланиши мумкин бўлган энг юқори балл 226,8 баллку! Бундан ортиғини тақдим қилиш яратиб қўйган таълим тизимида катта бўшлиқни ўз хоҳиши билан пайдо қилишдек гап. 

Бу билан ҳарбий имтиёз орқали ўқишга кирганларни айбламоқчи, камситмоқчи ёки шунга ўхшаш салбий реакция бермоқчи эмасман. Улар орасида, ҳаттоки, имтиёзсиз ҳам 180-190 балл тўплай оладиганлар борлигига ишонаман (гарчанд бу ишонч анча заиф бўлса ҳам). Бундай имтиёз билан ҳозиргача ўқишга кирганлар - қандингизни уринг! Лекин таълим тизимига масъул бўлган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа давлат идора/ташкилотлари тизимдаги ушбу очиқ нотенглик ва мантиқсизликни, ҳеч бўлмаса, назарий жиҳатдан тасаввурга сиғдириш мумкин бўлган даражага олиб келиши лозим. Бу учун юқорида, анча оддий бўлса ҳам, ақлим етадиган даражада иккита таклифни билдирдим. Ишонаманки, таълимга масъул вазирликлар ва мансабдор шахслар бу йилги натижалардан хулоса чиқариб, мавжуд кириш имтиҳони тизими мантиқсиз эканлигини англаб етади ва уни қониқарли шаклга келтириш учун бошқа таклифлар ва чоралар ишлаб чиқа олади. Улардан умид қилишдан бошқа чорамиз йўқ, ҳозирча.

Top