21:30 / 19.08.2017
51825

Ўзбекистондаги Police мотоцикл гуруҳлари​ фаолиятига ойдинлик киритилди

Ўтаётган ҳафта давомида Тошкент шаҳри кўчаларида Японияда ишлаб чиқарилган ва махсус жиҳозланган мотоциклларда ҳаракатланиб кетаётган йўл патруль хизмати ходимлари пайдо бўлган эди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати берган хабарга кўра, ушбу гуруҳга йўллар ва кўчаларнинг ҳаракатланиш қийин бўлган қатнов қисмларида, одамлар гавжум жойларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси вакили KUN.UZ нашрига маълумот беришича, йўл патруль хизмати мотоцикл гуруҳлари 16 августдан бошлаб Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўз фаолиятини бошлади. Барча мотоцикл гуруҳида бўлиши кўзда тутилган ходимлар ўқув-тренингдан ўтказилган бўлиб, маълум муддат давомида малака оширишган. Шунингдек, Хоразм вилоятида ҳам ана шундай ўқув машғулотлари ташкил этилган бўлиб, тез кунларда Урганч шаҳри ва унинг атрофида йўл патруль хизмати мотоцикл гуруҳлари ташкил этилади. Айни ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланганидек, тажриба-синов тариқасида ўтказилмоқда.

Манбанинг айтишича, Самарқанд шаҳрида фаолиятини бошлаган гуруҳ аҳоли ва транспорт тирбанд йўл кесишмаларида, тарихий обида ва мажмуалар, хусусан Регистон майдони атрофида иш бошлаган. 2018 йил 1 октябрга қадар аҳоли ва мутахассислардан таклифлар қабул қилиниб, янги кўринишдаги хизмат турига нисбатан муносабатлар ўрганилади.

Нега мотоциклларда Police ёзуви бор?

Аниқланишича, Япониядан янги келтирилган хизмат транспортлари буюртма асосида сотиб олинган. Шунинг учун ишлаб чиқарувчи Police ёрлиғини ёпиштириб экспорт қилган. Аммо айрим тасдиқланмаган хабарларга кўра, бу "Полиция” атамасини амалиётда жорий этиш йўлидаги илк қадамлардан ҳисобланади.

Top