19:55 / 18.09.2017
9214

Microsoft CIS бош директори: Ўзбекистондаги АТ соҳаси ривожига янги инфратузилмалар керак

Microsoft CIS бош директори Рональд Бенковски 18 сентябрь куни ICT WEEK 2017 матбуот анжуманида Ўзбекистондаги ахборот технологиялари соҳаси бошқа мамлакатлар, айниқса, Қозоғистонга нисбатан анча секин ривожланаётгани, бу борада муваффақият ва тажрибага эришиш учун АТ инфратузилмаларини жорий қилиш лозимлигини қайд этди. Бу ҳақда KUN.UZ мухбири хабар бермоқда.  

"Мен вилоятларнинг бирида ўтказилган анжуманда иштирок этганимда аудиториядан шундай савол келган эди: Нима учун Ўзбекистондаги Ахборот технологиялари соҳаси бошқа мамлакатлар, айниқса, Қозоғистонга нисбатан анча секин ривожланмоқда? Ўзбекистон ҳам уларнинг даражасига етиб оладими? Бу саволга мен "Йўқ!" деб жавоб бердим. Қачонки, ўқиш ва малака ошириш учун АТ инфратузилмалари ва чегаралари очилмас экан, соҳа биз кутгандек ривожланмайди. 

Бугун эса мазкур жараён амалга оширилаётганидан хурсандмиз. Бу Ўзбекистон учун ривожланишнинг бир неча босқичларига бирданига ўтишига катта имкон беради", дея таъкидлади  Рональд Бенковски. 

Эслатиб ўтамиз, 18-22 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида ICTWEEK 2017 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги ташкил этилади. 

2004 йилдан бошлаб ўтказиб келинаётган ICTWEEK Uzbekistan Ҳафталиги доирасида ахборот технологияларига оид саммит ҳамда форум, 3 кунлик кўргазма, шунингдек, ихтисослашган тадбирлар, тақдимотлар, акциялар ва муҳокамалар соҳа ислоҳотларини сарҳисоб қилиш, халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида натижаларни таҳлил қилиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш, аҳолини соҳа янгиликлари билан таништиришда йирик воқеа ҳисобланади.

Top